Ссылки доступа

Фарғонада “Сўх воқеалари”да айбланган 22 киши устидан суд жараёни бошланди (видео)


Шу йилнинг 31 майида ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган инцидент пайтида маҳаллий аҳоли учрашувга келган Фарғона вилоят собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрон қилган эди.
Шу йилнинг 31 майида ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган инцидент пайтида маҳаллий аҳоли учрашувга келган Фарғона вилоят собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрон қилган эди.

Фарғона вилоятида Фарғонада “Сўх воқеалари”да айбланган 22 киши устидан суд жараёни бошлангани тўғрисида “Дарё” нашри 11 ноябрь куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, судланувчилар орасида икки нафар вояга етмаган шахс ҳам бор. Суд жараёни Жиноят ишлари бўйича вилоят судида 9 ноябрь куни бошланган.

Судланувчиларга Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилинган.

"Карантин чекловлари муносабати билан суд мажлисида ҳар бир судланувчининг икки нафардан яқин қариндоши иштирок этишига рухсат берилган",-деб ёзди нашр.

Суднинг кейинги мажлиси 16 ноябрь куни соат 10:00 да бўлиб ўтади.

Жорий йилнинг 31 май куни Сўх тумани Чашма қишлоғидаги булоқ суви Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида талашга тушгани оқибатида тартибсизликлар содир бўлганди.

Ўзаро жанжал оқибатида Ўзбекистон томонидан 187 киши турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

XS
SM
MD
LG