Ссылки доступа

Туркманистондаги инқироз шароитида донор бўлишни хоҳловчиларнинг навбатлари пайдо бўлди


Коронавирус пандемияси, иқтисодий ва озиқ-овқат инқирози билан боғлиқ чеклов чоралари кучайиб бораётган бир пайтда, Туркманистонда даромад манбайи бўлмаган аҳоли, ўз қонларини сотиш орқали даромад олишга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳақда 9 ноябрь куни Азатлик радиосининг Лебапдаги мухбири маълум қилди.

“Сўнгги ҳафталарда ўнлаб одамлар ҳар куни Туркманободдаги вилоят касалхонасининг қон йиғиш марказига ва Фарап туман касалхонасига келишмоқда”, деди мухбир.

Унинг сўзларига кўра, ушбу одамлар ҳар бир грамм қон учун давлатдан 2 манатдан ва қонга муҳтож фуқаролардан ёки уларнинг қариндошларидан ҳам 2 манатдан оладилар: “Қонини сотадиганларнинг деярли барчаси ишсиз, улар қонларини сотиш эвазига топган пулларига озиқ-овқат сотиб олишади.“

Туркманистондаги иқтисодий инқироз уч йилдан ортиқ давом этмоқда. Февраль ойи охирида мамлакатда глобал коронавирус пандемияси, давлат чегараларининг ёпилиши ва мамлакат ичкарисида фуқароларнинг ҳаракатланишига чекловлар қўйилиши муносабати билан эълон қилинган чеклов чораларидан сўнг, одамларнинг иқтисодий аҳволи, шу жумладан озиқ-овқат таъминотининг етишмаслиги ёмонлашди.

“Азатлйк” нинг мамлакатдаги мухбирлари мунтазам равишда давлат дўконларида озиқ-овқат танқислиги, уларнинг олдида турган навбат ва озиқ-овқат нархларининг доимий равишда кўтарилиб бориши ҳақида хабар беришади.

Ўзини Эркин Оға деб таништирган ишсиз фуқаро Фарапдаги мухбиримизга айтишича, сўнгги ойларда турмуш шароитини сақлаб қолиш учун қонини топшириб, 3 000 манат ишлаб топган.

“Мен 250 граммдан уч марта қон топширдим. Ҳар сафар мен тахминан 1 000 манат ишлаб топдим (Марказий банкининг курси бўйича 3,5 манат — 1 доллар.). Мен бу пулни оиламга зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга сарфладим, — деди Эркин мухбиримизга.

Шунингдек, у қонини сотмоқчи бўлганлар кўплиги сабабли навбат ва жанжал келиб чиқишини айтди.

“Азатлйк” радиоси Лебап ва Фарап вилояти касалхоналарида ушбу хабарларга изоҳ бера олмади.

Азатлик мухбирлари илгари хабар беришларича, эҳтиёж туфайли Туркманистонда иқтисодий ва озиқ-овқат инқирозининг кучайиши сабабли, аҳоли ўз мавжудлигини сақлаб қолиш учун турли хил усулларни ихтиро қилмоқда. Улар тобора кўпроқ тиланчилик қилиш, ахлатхоналарни титкилаш ва фоҳишалик қилишмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганлар ўз оилаларини моддий қўллаб-қувватлаш учун бозорларда ва фермер хўжаликларида ишлашлари ҳақида хабар берилди.

Туркманистон ҳукумати ушбу муаммоларнинг борлигини тан олмайди ва давлат ОАВ бу муаммоларни ёритмайди, чунки туркманлар «фаровон давлатда» яшаяпти.

Туркманистонда қашшоқлик ва ишсизлик даражаси бўйича расмий статистика ҳам эълон қилинмайди.

XS
SM
MD
LG