Ссылки доступа

Мактабларда дарсдан олдин мадҳия айтилади, танаффусда ватан ҳақидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирилади


Мактабларда дарслар бошланиши олдидан ўқувчи ва ўқитувчилар жўр бўлиб Ўзбекистон мадҳиясини куйлайди, танаффус вақтида эса ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилади. Бу ҳақда 11 ноябрь куни қатор маҳаллий нашрлар хабар берди.

Хабарларда айтилишича, ижтимоий тармоқларда халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат матни эълон қилинган. Хатда вазир ўринбосари 14та ҳудуддаги масъул раҳбарларга мактабларда дарслардан олдин жўр бўлиб мадҳия куйланишини ва танаффус пайтида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилишини уюштиришга кўрсатма берган.

“Шу муносабат билан, Халқ таълими вазирлиги томонидан "Умумтаълим мактабларида "Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш" тарғибот-ташвиқот тадбирларида ўқиладиган шеърлар эшиттирилишини ташкил этиш бўйича тавсиялар" 1-иловага, "Умумтаълим мактабларида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни ташкил этиш бўйича тавсиялар" 2-иловага ҳамда "Умумтаълим мактабларида фойдаланиш учун тавсия этилган видеороликлар рўйхати" 3-иловага мувофиқ юборилмоқда", – дейилади хатда.

Мазкур хатда айтилишича, бу тартиб Ўзбекистон Президенти Администрациясининг 2020 йил 23 октябрдаги (№ 02-3041, 7-сонли) йиғилиши баёнининг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова маҳаллий нашрларга хат ҳақиқий эканини тасдиқлаган.

Дилшод Кенжаев “Kun.uz”га берган суҳбатида мактабларда мадҳияни куйлаш, қўшиқ ва шеърларни эшиттириш “ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши”ни айтган.

Вазир ўринбосарига кўра, танаффус пайтида Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби 50 нафар шоир ва 41 нафар хонанданинг ижодидан олинган намуналар эшиттирилади.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришларича, ноябрь ойида Ўзбекистон бўйлаб “Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар бошланган.

Тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита ва Республика штаби ташкил этилган. Штаб томонидан маҳаллаларда 7 йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган.

XS
SM
MD
LG