Ссылки доступа

Еревандаги минглаб намойишчилар Бош вазир Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда


Ереванда, расмийларнинг тақиқлашига қарамай, бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб, оммавий оппозиция митинги ўтказилмоқда. 17 сиёсий партия норозилик акциясида иштирок этишга чақирди.

Эрталаб полиция тадбир режалаштирилган шаҳар марказидаги Озодлик майдонини ўраб олди ва иштирокчиларни ҳибсга олишга киришди. Бунга мамлакатда амалдаги ҳарбий ҳолат режими остида оммавий йиғилишларнинг тақиқланиши сабаб бўлган.

Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари «Обод Арманистон» мухолифат партияси етакчиси Гагик Тсарукян ва Республикачилар партиясининг парламентдаги фракцияси собиқ раҳбари Ваҳрам Боғдасарянни ҳибсга олишди.

Бироқ, МХХнинг собиқ директори, мухолифатдаги «Родина» партиясининг етакчиси Артур Ванетсян полиция қалқонини ёриб ўтиб, трибунага кўтарилди. Шундан кейин тадбир бошланди. Иштирокчилар бир километрга яқин юриб, парламент биносига етиб боришди ва у ерда ўз норозиликларини давом эттиришди. Иштирокчилар парламентнинг шошилинч йиғилишини талаб қилмоқда.

Озарбайжон армияси 1994 йил Тоғли Қорабоғдаги урушдан кейин сентябрь-ноябрь ойларида ўтказилган ҳарбий операция пайтида Арманистон қўшинлари томонидан босиб олинган аксарият ҳудудларни озод қилгандан кейин мухолифат Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда.

10 ноябрда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг, Еревандаги оммавий норозилик намойишлари иштирокчилари ҳукумат ва парламент биноларига бостириб киришди.

Пашиняннинг айтишича, тинчлик шартномаси фронтдаги вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли, чунки унга имзо чекмасдан Озарбайжон қўшинлари бутун тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳудудини эгаллаши мумкин.

XS
SM
MD
LG