Ссылки доступа

ИИВ мулозимаси Гулнора Каримованинг соғлиғи ёмонлашганига оид маълумотларни рад қилди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева Зангиотадаги колонияда жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримова хасталангани ҳақида сўнгги пайтларда тарқалган гаплар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини маълум қилган.

Дарё.уз нашри хабарига кўра, бу ҳақда ИИВ мулозимаси 12 ноябрь куни Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Октябрь ойида Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram’даги ўз саҳифаси орқали Зангиотадаги колонияда жазо муддатини ўтаётган онасининг аҳволи кейинги пайтларда анча ёмонлашгани, унинг ўпка шамоллаши ташхиси билан қамоқхона тиббий бўлимида ётганини иддао қилганди.

Қайд этилишича, пайшанба кунги матбуот анжуманида мутасаддиларга Гулнора Каримованинг коронавирусга чалингани, аҳволи оғирлашгани ёки ўз жонига қасд қилганига оид маълумотлар қанчалик тўғрилиги ҳақида савол берилганда Сенат раиси Танзила Норбоева бу гапларни “миш-миш” эканини айтган.

Г. Каримова мавзусидаги сўзи давомида Т. Норбоева “Гендер тенглиги ҳақида гапиряпмиз — аёлми, эркакми, жиноят қилса, тенг жавоб бериши керак”, дея таъкидлаган.

Айни пайтда ИИВ вакиласи У. Абдуллаева Гулнора Каримованинг қамоқхонада ўз жонига қасд қилганига оид гапларни ҳам рад этган.

Ўз жонига қасд қилди деган ёки бошқа нохуш ҳолат ҳақидаги гаплар асоссиз. Гулнора Каримова суд томонидан белгиланган жазо муддатини ўтамоқда”, деган Умида Абдуллаева.

XS
SM
MD
LG