Ссылки доступа

Европа Иттифоқи Тожикистонни Бузургмеҳр Ёровни озод қилишга ва қийноқларни тўхтатишга чақиради


Европа Иттифоқи Тожикистон расмийларини мустақил ахборот агентликлари веб-сайтларини блокировка қилиш амалиётига чек қўйишга ва мустақил журналистлар учун очиқ муҳит ва хавфсизликни кафолатлашга чақирди.

Ҳар йили ўтказиладиган Европа Иттифоқи — Тожикистон инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотининг 12-раундида Брюссел Тожикистонда фуқаролик маконининг торайиб бораётганидан, хусусан сўз эркинлиги ва уюшиш эркинлигидан хавотир билдирди.

Мулоқот 11 ноябрь куни видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтди. Европа Иттифоқи делегациясига Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Марказий Осиё бўлими бошлиғи Борис Ярошевич, Тожикистон делегациясига Тожикистон Президенти Ижрои девони Инсон ҳуқуқлари бўлими бошлиғи Абдужаббор Сатторзода бошчилик қилди.

Европа Иттифоқининг Тожикистондаги делегациясининг 12 ноябрдаги баёнотида айтилишича, “очиқ ва конструктив муҳокама инсон ҳуқуқлари, сиёсий иштирок, уюшмалар эркинлиги, сўз эркинлиги ва дин ёки эътиқод эркинлиги, суиистеъмол қилиш, аёллар ҳуқуқлари, қийноқларнинг олдини олиш ва уларни йўқ қилиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қамраб олди”.

Делегациялар, хусусан, сўнгги икки йил ичида қонли тартибсизликлар рўй берган Тожикистон ахлоқ тузатиш муассасаларидаги вазиятни муҳокама қилдилар. Хўжанддаги қаттиқ тартибли колонияда тартибсизликлар 2018 йил ноябрь ойининг бошларида содир бўлган. Колония қўриқчилари ва махсус кучлар тартибсизликни бостиришди, натижада 21 маҳбус ва икки қўриқчи ҳалок бўлди. Олти ой ўтгач, 2019 йил 19 май куни кечқурун Душанбедан унча узоқ бўлмаган Вахдатдаги қаттиқ тартибли колонияда тартибсизликлар юз берди. Тўполон натижасида 29 маҳбус ва колониянинг уч ходими ўлдирилди. Тожикистон расмийлари зудлик билан тартибсизликларни мамлакатда тақиқланган Ислом партияси тарафдорлари ва «Исломий давлат» гуруҳининг судланган жангарилари айбдор деб топдилар.

“Иштирокчилар ўтган йил охирида Душанбеда бўлиб ўтган биринчи пенитенциар форумни Тожикистон пенитенциар тизимини тўлиқ ислоҳ қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолашди”, — дейилади Европа Иттифоқининг Тожикистондаги Делегацияси баёнотида. Европа Иттифоқи делегацияси «ҳибсхоналарда давом этаётган қийноқлардан хавотир билдирди ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ҳамда жабрланганларни реабилитация қилиш зарурлигини таъкидлади».

Мулоқот давомида Европа Иттифоқи Тожикистон ҳукуматини “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳининг алоҳида ишлари бўйича қарорларини, хусусан қамоқдаги адвокат Бузургмеҳр Ёровга нисбатан” бажаришга “чақирди. 2019 йил ёзида БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг ҳибсга олинишини халқаро ҳуқуқни бузиш деб тан олди ва тожик расмийларини уни озод қилишга чақирди. БМТ Ёровга қўйилган айбловлар асоссиз ва унинг қамоққа олиниши сиёсий мухолифат аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилгани учун жазо деган хулосага келди.

Адвокат Бузургмеҳр Ёров фирибгарлик ва қалбакилаштиришда айбланиб, 2015 йил 28 сентябрда ҳибсга олинган — у кейинчалик республикада тақиқланган Ислом Уйғониш Партияси аъзоларини ҳимоя қилганидан ва ноқонуний ҳибсга олиш ҳамда олдини олиш бўйича жамоат қўмитасини бошқарганидан бир неча кун ўтгач ҳибсга олинган. Натижада Ёров 28 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва тергов изоляторида калтакланди.

Илгари, парламент депутатлари ҳам Ёровнинг озод қилинишини талаб қилишган.

XS
SM
MD
LG