Ссылки доступа

Аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилга қолдирилди


Ўзбекистонда 2022 йилга белгиланган аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023 йилга қолдирилди. Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, ҳукумат бу борада 11 ноябрь куни қарор қабул қилган.

“Aҳолини рўйхатга олиш кенг кўламли, кўп вақт талаб қилувчи ва қиммат иш деб ҳисобланади, шу сабабли бу 2−3 йиллик тайёргарлик ишларини талаб қилади”, - дейилади расмий билдирувда.

Адлия вазирлигининг билдиришича, ҳукуматнинг янги қарорига асосан 2021 йил 1–25 ноябрда Андижон вилояти Хўжаобод тумани, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани, Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳри Яшнобод туманларида аҳоли синов тариқасида рўйхатга олинади.

Бутун аҳолини рўйхатга олиш эса 2023 йил 1–25 ноябрда қуйидагича амалга оширилади:

1–5 ноябрда аҳоли интернет тармоғи орқали рўйхатга олинади;

6–10 ноябрда интернет орқали рўйхатга олинган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилади;

11–22 ноябрда аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юриб аҳоли рўйхатга олинади;

23–25 ноябрда ҳар бир участкадаги уй-жой манзилларининг 10 фоизи танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганилади.

Президент 2019 йилнинг 5 февралида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

XS
SM
MD
LG