Ссылки доступа

Олмаотада Жанболат Агадил учун мотам митинги бўлиб ўтди


13 ноябрь куни 200 га яқин киши Қозоғистон пойтахти яқинидаги Талапкер қишлоғида 17 ёшли Жанболат Агадил билан хайрлашиш учун тўпландилар.

Марҳум фуқаролик фаоли Дулат Агадилнинг ўғли 11 ноябрга ўтар кечаси пойтахтнинг Кўктал микрорайонида ўлдирилган. Полиция чоршанба куни эрталаб у жанжалда пичоқ жароҳати туфайли вафот этганини айтди. Қариндошларининг сўзларига кўра, йигит бир нечта пичоқ жароҳатини олган, улардан бири юрак қисмига санчилган.

Талапкерга келганлардан бири, сиёсатчи Балташ Турсумбаев ўз нутқида шундай дейди: “Қозоқ халқи ўз юртини ва ерини севадиган ўғилларини йўқотмоқда. Ва бунинг сабаблари чуқурдир. Сабаби — ўғри ҳокимиятнинг қонга бўялган ҳаракатларидир“.

Марҳумнинг жасади Талапкер қишлоғи яқинидаги қабристонга, февраль ойида пойтахт тергов ҳибсхонасида сирли шароитда вафот этган отаси, фуқаролик фаоли Дулат Агадил қабри ёнига кўмилди.

Олмаотада ҳам кичик мотам йиғилиши бўлиб ўтди. Соат 11 га қадар Шокан Уалихонов майдонига бир неча ўнлаб одамлар тўпландилар. Бу арафада бир гуруҳ фуқаролар ушбу жойда соат 11 дан 12 гача мотам йиғилиши ўтказилиши тўғрисида маҳаллий ҳокимиятни хабардор қилишди. Аммо майдонга келган Ижтимоий ривожланиш бўлими вакили Айдар Эсенбеков йиғилганларга ушбу ҳаракат «ноқонуний» эканлигини айтди. Кейинчалик, шаҳар прокуратураси вакили йиғилганларни тарқатиб юбормаган тақдирда, «ушбу ҳаракатни тугатиш чоралари кўрилади», деб огоҳлантирди. Тушга қадар йигирмага яқин одам майдонда қолди, кейинчалик улар тарқалиб кетишди.

Қозоғистоннинг турли шаҳарларида Жанболат Агадил ўлдирилганлиги ҳақидаги хабардан кейин фаоллар расмийларни шаффоф ва пухта тергов ўтказишга ва қотилликда айбдорларни жазолашга чақиришмоқда.

Бир кун олдин полиция гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида эълон қилди. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, «Бир гуруҳ шахслар томонидан пичоқ ишлатган ҳолда безорилик» ва «безорилик ниятида қотиллик» моддалари бўйича тергов ишлари бошланган.

Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси бошлиғи Санжар Одилов пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда тергов-тезкор гуруҳи можаро хусусий компания ишчилари ва шаҳар атрофидаги Талапкер аҳоли пункти ёшлари ўртасида содир бўлганлигини аниқлади, улар орасида Жанболат Агадил борлигини айтди.

Фуқаролик фаоли Дулат Агадил, кўплаб норозилик намойишлари иштирокчиси, шунингдек, шов-шувли суд жараёнларини ёритган блогер сифатида танилган. У шу йил февраль ойида Нур-Султон ҳибсхонасида сирли шароитда вафот этди. 24 февралга ўтар кечаси фуқаролик кийимидаги одамлар уни уйидан олиб кетишган. Эртаси куни эрталаб эса полиция унинг изоляторда вафот этганини эълон қилди.

43 ёшли фаол вафотидан кейин Қозоғистоннинг бир қатор шаҳарларида митинглар ва мотам маросимлари бўлиб ўтди. Иштирокчилар унинг ўлимида расмийларни айблашди, улар Агадилнинг ўлими зўравон бўлмаганлиги ҳақидаги расмий хулосага ишонмасликларини айтдилар (расмийлар унинг юрак етишмовчилигидан вафот этганини айтдилар).

XS
SM
MD
LG