Ссылки доступа

Озарбайжон Арманистон қўшинларини Келбажар вилоятидан олиб чиқишни 25 ноябрга қолдиришга рози бўлди


Боку Арманистон армияси ва аҳолисини Озарбайжоннинг Келбажар вилоятидан олиб чиқиш жараёнини 25 ноябргача узайтиришга рози бўлди, деди Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси.

Унинг сўзларига кўра, Арманистон ҳукумати ушбу сўровни Россия томони орқали юборган ва Озарбайжон инсонпарварлик сабаблари билан кейинга қолдирилишига розилик берган, чунки Келбажар вилоятидан Арманистонга олиб борадиган ягона йўлнинг етарли бўлмаганлиги сабабли жараённи белгиланган муддат ичида тугатиш мумкин эмас.

Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари томонидан имзоланган Қорабоғдаги уруш ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисидаги баёнотга кўра, Арманистон қўшинлари 15 ноябрга қадар Келбажардан олиб чиқилиши керак эди.

Арманистон аҳолиси у ердан кетганидан кейин Озарбайжон ушбу минтақада ўз ҳарбийларини жойлаштиришга тайёрланмоқда, деди Мудофаа вазирлиги халқаро ҳарбий ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Хусейн Маҳмудов.

«Мен Озарбайжон Қуролли Кучларининг бўлинмалари аллақачон тайёр эканлигини, улар Арманистон аҳолиси у эрдан кетганидан кейин Келбажар вилоятида жойлаштирилишини тўлиқ жавобгарлик билан эълон қиламан», деди Маҳмудов якшанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Унга кўра минтақанинг арман аҳолиси минтақани тарк этмоқда. «Биз ҳеч қандай провокацияни кўрмаяпмиз», дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, у Озарбайжон ҳарбийлари Арманистон аҳолисини Келбажар ҳудудидан олиб чиқиш жараёнига аралашмаганлигини таъкидлади.

Айни пайтда Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғга қайтаётган Лачин йўлагида қочқинлар бўлган 19 та автобусни кузатиб боришмоқда, деб хабар қилди якшанба куни Россия миллий мудофаани бошқариш маркази. Қочоқларни қайтариш — Тоғли Қорабоғда ташкил этилаётган Россия гуманитар ёрдам марказининг вазифаларидан бири. Марказнинг олдинга йўналтирилган гуруҳи 14 ноябрда Қорабоғда иш бошлади, деди Россия ҳарбийлари.

XS
SM
MD
LG