Ссылки доступа

Эрга тегмаган аёл 6 ойлик чақалоғини сотаётганида қўлга олинди


Наманган вилояти Чортоқ туманида 6 ойлик чақалоғини 1 миллион 900 минг сўмга сотиб юборган 21 ёшли аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, Намаган шаҳар ва Чортоқ туман ички ишлар ходимлари 23 октябрда Чортоқ туманида яшовчи турмушга чиқмаган 21 ёшли аёл 2020 йил 18 май куни туғилган олти ойлик қизалоғини Чортоқ туманида яшовчи 1969 йилда туғилган фуқарога 1.900.000 сўмга сотиб юборганини тезкор маълумотга асосан аниқлаган.

“Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2020 йил 3 ноябрь куни Ўз.Р ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси билан) жиноят иши қўзғатилган”,-дейилади расмий маълумотда.

Ўзбекистонда ўз фарзандини сотиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Озодлик радиоси сўнгги бир неча ой ичида Ички ишлар оганлари томонидан бир неча мана шундай ҳолат аниқлангани юзасидан хабарлар берган эди.

9 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 4 кунлик қизалоғини 20 минг долларига сотмоқчи бўлган мирзаободлик И.С. ҳамда унинг ховослик шериги Н.Ш. ушланган.

15 октябрда Сурхандарё вилояти Денов туманида яшовчи 28 ёшдаги Пўлат Чориев икки ёшдаги фарзандини 50 миллион сўмга сотмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Фарғона шаҳрида шу йил 1 сентябрь куни 1 яшар фарзандини 1500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган 24 ёшли Г.С. қўлга олинган.

Июль ойининг охирларида Тошкентда 3 ойлик боласини 5 минг AҚШ долларига сотишга уринган 21 ёшли аёл ушланди.

Июль ойининг ўрталарида эса 1995 йилда туғилган гулистонлик А.Ў., исмли аёл бир ёшга тўлган фарзанди Ў.Л.,ни 17 000 АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG