Ссылки доступа

Вазирлик иддаоси: Ишсизлик даражаси 13,2 фоиздан 11,1 фоизга тушди


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайганини иддао қилмоқда.

Вазирликнинг билдиришича, Аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан 108 та шаҳар ва туманда ўтказилган сўров натижасида Ўзбекистонда икки-уч ой ичида ишсизлар сони 2,1 фоизга камайгани аниқланган.

Расмий билдирувда таъкидланишича, сўров 490 та ўзини-ўзи бошқариш органи, 4,9 мингта уй хўжалиги ҳамда 26 минг фуқаро орасида ўтказилган.

“Ўтказилган тадқиқот натижалари кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 642,5 минг кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 11,1 фоизни ташкил этганлигини кўрсатди”, дейилади расмий маълумотда.

Вазирликнинг қайд этишича, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида туман(шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган 910 201 нафар фуқарога хизмат кўрсатилди.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 243 946 нафари иш билан таъминланди, 500 449 киши жамоат ишларига жалб қилинди, 25 384 нафар ишсизлар касбга ўқитилди, 45 036 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди, 38 002 кишига меҳнат муносабатлари бўйича консультациялар берилди.

“Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 30 827 нафар оила шахсий томорқаларда, 19 174 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида банд қилинди, 7 383 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди”,-дейилади маълумотда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этгани ҳақида билдирган эди.

Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврида 9,1 фоизга тенг бўлган. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 944,0 минг кишини ташкил этгани билдирилган.

XS
SM
MD
LG