Ғафур Ғулом боғида мавжуд иншоотларни бузиш ва қурилишга ҳозирлаш ишлари бошлангани, боғнинг янги эгаси у ердаги ошхона ва ресторан эгаларини ўн кун ичида ўз иморатларини бузиб, материалларини олиб чиқиб кетиш бўйича огоҳлантиргани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган. Хабар ортидан ижтимоий тармоқларда мазкур боғда турар-жой мажмуаси қурилажаги ҳақида иддаолар пайдо бўлган. Маданият вазирлиги бу иддаоларда асос йўқлигини билдирган.
“Яъни чиндан ҳам боғ ҳудудида иш жараёни бошланган. Аммо турар-жой мажмуалари қурилмаяпти, аксинча, боғда енгил конструкцияли иншоотларни бузиш (демонтаж) ишлари олиб борилмоқда. Ишлаб чиқилган янги лойиҳага кўра, боғ ҳудудида турар-жой иншоотлари қурилмайди”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Вазирлик объект ҳудудидаги техник жиҳатдан эскирган атракцион ҳамда ўйин қурилмаларини олиб чиқиш бўйича барча тадбиркорлар огоҳлантирилгани, бу талабга улар томонидан эътироз билдирилмаганини ҳам қўшимча қилган.
Салкам 14 гектар майдонни эгаллаган Ғафур Ғулом боғи 1934 йилда ташкил этилган бўлиб, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани марказида жойлашган. Дастлаб Эрнст Тельман номи билан аталган боққа 1994 йили Мирзо Улуғбек номи берилган, 2018 йилдан эса "Ғафур Ғулом боғи" деб ўзгартирилган.
Мазкур боғнинг ўтган йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан шаффоф бўлмаган тарзда Сингапурда рўйхатга олинган BMP Smart Decision Private Limited ширкатига 49 йилга 10 миллион долларлик сармоя киритиш шарти билан берилгани тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлганди.
Озодлик суҳбатлашган тадбиркорларга кўра, улар боғни ношаффоф тарзда янги инвесторга беришга қарор қилинганига норозилик билдириб, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига арз қилишган, аммо натижа бўлмаган.