Ссылки доступа

UzAuto Motors 9 ойда ярим триллион сўмдан ортиқ йиғимни бюджетга тўламаган


UzAuto Motors 2020 йилнинг январидан сентябригача ўтган 9 ой мобайнида 582 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун белгиланган йиғимни бюджетга тўламаган.

Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида қайд этилди.

Ҳисоб палатасининг таъкидлашича, қонунчиликда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгилаб қўйилган.

Хулосада айтилишича, «Ўзавтосаноат» акционерлик жамияти тизимидаги корхоналар 2019 йил 1 октябрдан бери бу йиғимни тўламаган.

Ҳисоб палатаси ҳукуматга автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқишни тавсия қилган.

Жорий йилнинг июль ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузаётгани тўғрисида иш очган эди.

Қўмитанинг билдиришича, UzAuto Motors автомобиль нархларини асоссиз равишда 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача оширган. Аммо UzAuto Motors автомобиль нархларини пасайтиришдан бош тортиб келмоқда ва қўмита қарори устидан судга мурожаат қилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди 30 октябрда UzAuto Motors аризасини қаноатлантирган.

XS
SM
MD
LG