Ссылки доступа

Расмий ишсизлик даражаси камайди. Ишсиз қолган ўқитувчилар сони очиқланмаяпти


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 14 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатда ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этганини эълон қилди.

Бу маълумот айни идоранинг жорий йил биринчи ярми якунларига оид август ойида эълон қилган ҳисоботидаги кўрсаткичдан 2,1 фоизга камдир.

Аввалги ҳисоботда вазирлик ишсизлик даражаси 13,2 фоизга етганини COVID-19 билан изоҳлаган эди. Янги ҳисоботда касаллик ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Меҳнат вазирлиги ишсизлик даражаси пасайганини эълон қилган бир пайтда ўрта-махсус таълим тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли юзлаб ўқитувчилар ишсиз қолаётгани маълум бўлди.

Наманганлик Шоҳиста Саломова (исм ўзгартирилган) 45 ёшда. Турмушга берган қизидан бошқа фарзанди йўқ. Ўзи ёлғиз яшайди. 2020 йилнинг 1 июнигача бу аёл Намангандаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқитувчилик қилган.

“Охирги марта майнинг ойлигига қўшиб бир миллион сўмдан беришди. Ишдан бўшаганимиз учун компенсация пули экан, ўша бир миллион. Ўшандан бери ,мана ,олтинчи ой ишсизман”, - деди ўқитувчи аёл.

Наманганлик Шоҳиста Саломова қанча ҳамкасби ўзидай ишсиз қолганини билмайди. Тошкент вилоятилик касб-ҳунар мактаби директорининг айтишича, у бошқарган собиқ коллежнинг 50 дан ортиқ ўқитувчисидан 15 нафари ишсиз қолган. Қолганларининг бир қисми мақоми ўзгартирилган коллежнинг ўзида, бир қисми эса ўрта мактабларга ишга қабул қилинган. Мамлакат бўйлаб 1214 та касб-ҳунар коллежи бор эди.

Коллежлар тугатилиши туфайли ишсиз қолганлар ҳамда сентябрдан буён касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда де-факто ишлаб, штатлар жадвали йўқлиги туфайли икки ярим ойдан буён маош олмаётганларни Меҳнат вазирлиги ишсизлар сифатида қайд этганми, йўқми – номаълум.

Бироқ бу вазирликнинг умумий вазиятдан хабари бордай. Бу идора 14 ноябрда Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этганини, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайганини хабар қилди.

Вазирлик бундай хулосага сентябрь ойида Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан 108 та шаҳар ва туманда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига асосан келганини маълум қилди.

Меҳнат вазирлиги жорий йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этганини августда хабар қилган ва бу ҳолатни “СOVID-19 пандемияси даврида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган карантин чора-тадбирлари меҳнат бозорига сезиларли даражада таъсир кўрсатди”, дея изоҳлаган эди.

Бироқ куни кеча эълон қилинган ҳисоботда СOVID-19 ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Гўёки касаллик енгилди ва натижада июнь, июль, август ойларида мамлакат бўйлаб 468,5 минг киши ишли бўлиб қолди.

Ишонасизми, деган саволга жавобан драматург Санжарали Имомов Биринчи президент даврида эшитгани бир гапни эслаш билан жавоб берди:

“Каримов даврида вазирлигу ҳокимиятларда масъул лавозимларда ишлаган бир танишим сохта бўш иш ўринлари қандай яратилишини айтиб берган эди. Иш бошлаётган тадбиркор ҳокимиятга лицензия олгани келса, масъул шахс тадбиркордан "Иш бошлагач, неча кишини иш билан таъминлай оласан?"деб сўрайди. Тадбиркор, масалан, "Уч ёки беш одамни ишга оламан, кейинчалик иш ривожланиб кетса, насиб этса элликтагача одамни ишга оламан", деб айтади. Шунда ҳокимиятдаги одам "Унда сен 50 кишига иш ўрни яратяпман", деб ёзиб бер", деб талаб қўяди. Тадбиркор лицензиядан маҳрум бўлмаслик учун мажбуран ёзиб беради. Бу ўша пайтда туман ва вилоят ҳокимиятларида оммавий кўзбўямачиликка айланган. Худди йўқ пахтани қўшиб ёзгандек. Бу лўттивозлик бош вазир Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари пайтида бўлган. Демоқчиманки, бу соҳтагарчилик ўша пайтдан шу кунимизга қадар урф, анъана бўлиб келяпти”.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилларда "қоғозда йилига 1 миллион иш ўрни яратилгани" ҳақидаги ҳисоботлар ёлғон бўлганини тан олган ва расмийларни бу каби кўзбўямачиликдан воз кечишга чақирган.

Бунинг ортидан расмий ҳисоботлардаги иш ўринлари "бир неча юз минг"га қисқарди.

Айни пайтда президент вазирлик ва ҳокимиятларни етарли даражада иш ўринлари яратмаётгани учун танқид қилиб келади.

Ўтган ҳафта пандемия бошидан буён 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатлар, асосан, Россиядан ватанларига қайтарилгани маълум қилинди.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, сўнгги расмий ҳисоботдаги ишсизлар сонининг камайиши Россиядан қайтган меҳнат мигрантларининг бир қисми кам иш ҳақи тўланадиган ишларни эгаллагани ё-да ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтганлари ҳисобига бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG