Ссылки доступа

Amnesty International қозоғистонлик журналист ва блогер Ойгул Утеповани «виждон маҳбуси» деб атади


Халқаро Amnesty International (AI)ташкилоти қозоғистонлик журналист ва блоггер Ойгул Утеповани «виждон маҳбуси» деб атади.

Утепова икки ойдан кўпроқ вақт давомида «тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш» иши бўйича уй қамоғида қолмоқда.

Лондонда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 18 ноябрь куни эълон қилган баёнотида Утепова фақат ўз қарашларини тинчлик билан ифода этганлиги учун таъқиб қилинаётгани ва Утепованинг уй қамоғида тутилиши «номутаносиб» эканлиги ҳамда очиқчасига репрессия шаклига ўхшаб қолганини таъкидламоқда. Ташкилот уни зудлик билан ва ҳеч қандай қўшимча шартларсиз озод қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёноти журналистнинг адвокати тергов судининг «текширув учун» руҳий саломатлик марказига мажбуран жойлаштириш тўғрисидаги қарорига қарши апелляция шикояти кутилаётганидан олдин чиқди.

50 ёшли таниқли журналист ва блогер, расмийларни танқид қилган постларини нашр этганидан буён 17 сентябрдан бошлаб уй қамоғида қолмоқда. Адвокат ва Утепованинг қариндошлари уни «экспертизага» жўнатиш учун асос йўқ ва суд қарори танқидий постлар муаллифини изоляция қилишга уринишга асосланган деб ҳисоблашади.

Уни руҳий касалликлар клиникасида мажбуран кузатув остига олиш тўғрисидаги суд қарори тергов органининг илтимосига биноан 11 ноябрда пайдо бўлди.

Халқаро Амнистия ташкилоти Қозоғистон қонунчилигига биноан, бундай чоралар умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётган шахсларга ёки гумонланувчиларнинг ақл-идрокига шубҳа туғдирадиган ва Ойгул Утепова ҳеч қачон даволанмаган ҳолатларга нисбатан қўлланилиши мумкинлигини таъкидлайди.

«Ушбу ҳодиса СССРни 1960-70 йилларда, психиатрия экспертизаси билан диссидентларни психиатрия клиникаларида жойлаштириш учун ишлатилган пайтда эсга солади», дейилади Халқаро Амнистия ташкилоти баёнотида «Совет психиатрияси мероси бутун минтақада сақланиб келаётганини» эслатади.

Ташкилотга кўра, «бир қатор» ҳолатларда режимни танқид қиладиган ёки адолатсизликни қораловчи одамлар, «аввалгидек, мажбурий психиатрия текширувидан ўтказилди, мажбурий касалхонага ётқизилди ва психиатрия клиникаларида мажбурий даволанди».

2018 йилда руҳий касалликлар билан боғлиқ ҳисобот тайёрлаш доирасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан суҳбатлашган Қозоғистондаги психиатрлар, мамлакат «жазолаш психиатрияси меросидан ҳали тўлиқ воз кечмаганини» тасдиқладилар.

Утепова биринчи блогер ва руҳий касалхонага юборилган расмийларни танқид қиладиган постлар муаллифи эмас. 2018 йилда Чимкент шаҳридаги суд блогер Ардак Ашимни касалхонага жойлаштирди. Халқаро ташкилотлар уни «виждон асири» деб тан олди. Озод қилинганидан кейин Ашим Украинага кўчиб ўтди.

XS
SM
MD
LG