Ссылки доступа

Тўққиз ойда коррупцияда айбланган 647 амалдор судланди


Жорий йилнинг йилнинг 9 ойи давомида 647 нафар давлат амалдори коррупцияда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Расмий билдирувда таъкидланишича, январь ойидан сентябргача 838 та коррупция ҳолати аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ишлардан 454 таси судларга жўнатилиб, 647 та мансабдор жиноий жавобгарликка тортилди.

Агентлик жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 4 нафари республика миқёсидаги, 15 нафари вилоят миқёсидаги 626 нафар шаҳар-туман миқёсидаги мансабдор шахслар эканини билдирган.

Жиноий жавобгарликка тортилганлардан 7 нафари ҳоким ўринбосари, 1 нафари прокуратура, 1 нафари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, 13 нафари Мажбурий ижро бюроси, 1 нафари адлия, 59 нафари ИИВ , 6 нафари ДСҚ, 1 нафари божхона, 2 нафари Миллий гвардия, 3 нафари Мудофаа вазирлиги, 57 нафари соғлиқни сақлаш вазирлиги, 8 нафари бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, 15 нафари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 89 нафари халқ таълими вазирлиги, 36 нафари мактабгача таълим вазирлиги ходимлари бўлган.

Судланганларнинг 34 нафари банк раҳбари, 184 нафари уставида давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларидир.

“2020 йилнинг 9 ойи давомида коррупцион жиноятлар оқибатида 200 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган”,-дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG