Ссылки доступа

Бир йилда беш ўлим - Янгийўл туғруқхонасида вафот этган онанинг ўлими текширилмоқда


Тошкент вилояти Янгийўл туман Тиббиëт бирлашмасига қарашли касалхоналарда 2020 йил давомида беш нафар аëл туғруқ билан боғлиқ ҳолатда вафот этди. Улардан энг сўнггиси 2 ноябрь куни Янгийўл шаҳар туғруқхонаси жарроҳлик столида жон берган 32 яшар Шоҳсанам Ҳусанбоевадир.

Қуйичирчиқлик 32 яшар Шоҳсанам Ҳусанбоева ҳомиласи 9 ойга етмай туриб бошланган кучли оғриқ ортидан¸ 1 ноябрь куни аввалига Оққўрғон туман туғруқхонаси¸ у ер қабул қилинмаганидан сўнг эса¸ Янгийўл марказий шифохонасининг туғруқ бўлимига олиб келинган.

“Қуйи Чирчиқдаги туғруқхона карантинга ëпилган. 1 ноябрь, якшанба куни эди. Соат кундузги 1 ларда кучли оғриқ билан Янгийўлга етказдик. Зебо Қодирова деган ëш навбатчи врач кўрди¸ УЗИ қилди. Боласи нафас олмаяпти¸ ўлган¸ деди. Каттароқ дўхтирларингизни чақиринг¸ адресини берсангиз¸ машина бор¸ ўзимиз олиб келамиз¸ деб Худонинг зорини қилдик. Йўқ¸ эртага эрталаб катта дўхтирлар кўради¸ унгача оғриқ қолдирувчи берамиз¸ деб венасига анальгин-димедрол қилиб¸ ухлатиб қўйди. Шоҳсанамнинг тахикардияси борлиги¸ давлениеси баландлигини айтдик. Боласи қорнида ўлган аëлни ухлатиб қўйиш мумкинмаслигини биз врач бўлмасак ҳам тушундик¸ роса ялиндик¸ фойдаси бўлмади”¸ - дейди марҳуманинг яқинларидан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ 1 ноябрь куни Ҳусанбоеванинг эри ва қайнонаси¸ онаси ва бошқа яқинлари тонггача Янгийўл шаҳар туғруқхонаси ташқарисида юриб чиққан. Орада бир неча дақиқа унинг олдиган кирган синглиси ва онаси¸ унинг уйқуда ҳам инграëтганига гувоҳ бўлган.

“Навбатчи врач эса¸ ҳеч нима бўлмаëтгандек¸ иссиқ хонага кириб ухлади. Эрталаб 8 ларга яқин бошқа врачлар келди. Шоҳсанамни реанимацияга ўтказишди. 5-6 таси тўпланиб¸ дарров операция столига олишди. Операция бошлангандан кейин эрини чақириб¸ давлениеси тушиб кетди¸ ëнига киринг¸ деб чақиришди. Эри элликка эллик дейишаяпти¸ деб йиғлаб чиққанидан 10 минутча ўтмай¸ ўлди деб айтишди”¸ - дейди Ҳусанбоеванинг қариндоши.

Янгийўл Тиббиëт бирлашмасининг оналар ва болалар саломатлиги учун масъули Озодлик билан суҳбатда Ҳусанбоева ўлими ҳақида унинг яқинлари берган тафсилотларни тасдиқлади.

“1 ноябрь кунги навбатчи врач Ҳусанбоевани УЗИ қилган¸ бола ўлганини билган. Лекин йўлдоши кўчгани¸ ички қон кетиш бошланганини билмаган. Баъзида аëллар ҳомиласи ичида ўлиб қолганини бир неча кунгача билмай юради¸ ҳеч нарса бўлмайди. Лекин Ҳусанбоевада йўлдош барвақт кўчган¸ тажрибасиз врач буни билмасдан¸ оғриқсизлантирадиган¸ тинчлантирадиган укол қилган. Ҳусанбоеванинг давлениеси тушиб кетган. Масъул шифокорга Ҳусанбоева ҳақида 2 ноябрь эрталабки соат 7.30 да хабар берилган. Улар етиб келиб¸ операцияга олганда¸ жуда кеч бўлган. Аëл столда жон берди. Масъул врачлар икки-уч соат олдин хабар топиб¸ операция қилганида¸ Ҳусанбоева ўлмаган бўларди”¸ - дейди Янгийўл Тиббиëт бирлашмасининг расмийси.

Суҳбатдошга кўра¸ Янгийўл туғруқхонасида атиги 5 ой олдин иш бошлаган навбатчи врач “айбини бўйнига олган”.

“Унга ҳозирча қонунчиликда кўзда тутилгандек ойлигининг 30 фоизини ушлаб қолиш чораси қўлланилди. Прокуратура ҳали тергов бошламади. Лекин Ҳусанбоева яқинларининг порталга мурожаатидан сўнг суриштирув катталашди. Ачинарли томони¸ ҳозир бу ўлимга бевосита алоқаси йўқ одамлар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин”¸ деди Янгийўлдаги оналар ва болалар саломатиги учун давлат масъули.

Шоҳсанам Ҳусанбоева яқинлари унинг 10 яшар қизи ва 7 яшар ўғли тиббиëт ходимлари айби билан етим қолганини айтмоқда.

2020 йилнинг 2 ноябрь куни Янгийўл туғруқхонасида вафот этган Шоҳсанам Ҳусанбоева жорий йил мазкур туман касалхоналарида туғруқ билан боғлиқ ҳолатда ўлган бешинчи аëлдир.

Ҳусанбоева қариндошлари тилга олган бу рақамни Янгийўл Тиббиëт бирлашмаси расмийси тасдиқлади.

“Туғруқ бу жуда мураккаб жараëн ва туғруқхонада ишловчи врач ва ҳамширалар жуда малакали бўлиши керак. Афсуски¸ доим ҳам шундай эмас. Янги туққан икки аëл COVID касалхонасида ўлди. Шаҳар туғруқхонасида учта ўлим бўлди. Биттаси 16 яшар лўли қиз¸ туберкулëзи бўлган. Иккинчисида жигар травмаси бўлган. Учинчиси Ҳусанбоева. Аввалги ўлимлар бўйича суриштирув ўтказилиб¸ тегишли одамларнинг ҳамммасига чора кўрилган. Ҳусанбоева бўйича прокуратура тергов қилиб¸ ишни судга оширса¸ адолатли ечим топилса керак”¸ - деди янгийўллик расмий.

Янгийўл туман туғруқхонаси ўтган йил шов-шувли воқеа муносабати билан жамоатчилик эътиборига тушган эди.

Туғруқ бўлими акушер-гинекологи Р.Х. 2019 йилнинг 1 апрель куни туғилган қиз чақалоқни ўлган, деб расмийлаштириб¸ уни 100 долларга сотиш билан боғлиқ жиноятда қўлга олинган эди.

Расмийлар мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаëтганини билдирган. Ҳозиргача бу ишнинг қандай тугаганига оид расмий маълумот жамоатчиликка эълон қилинган эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Ўзбекистонда оналар ўлими 1990-йиллардаги даражадан кескин пасайганига қарамасдан, ҳануз дунёдаги энг юқорилардан бўлиб қолмоқда. 2017 йилда ҳар 100 минг онадан 29 нафари ҳомиладорлиги ёки кўзи ёриганидан кейин 42 кун ичида вафот этган.

БМТнинг Болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда туғилган ҳар 1000 нафар боладан 17 нафари беш ёшга етмай вафот этган. Муқояса учун - худди шу даврда Қозоғистонда бу рақам 10 нафарни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG