Ссылки доступа

Россияда Сурияга кетишга чоғланган икки ўзбекистонлик 9 ва 5 йилга қамалди


Жанубий округ ҳарбий суди Россияда террор ташкилоти ўлароқ тақиқланган “Жабҳатун-Нусра” сафига қўшилишга урингани учун ўзбекистонлик Феруз Ҳабибовни 9 йилга, Жасур Маҳмудовни эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги суд матбуот хизматидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

“Судланувчилар 2019 йили Симферополда бўлган пайтларида “Жабҳатун-Нусра” сафига қўшилиб, Сурия ҳудудида ташкилот фаолиятида иштирок этиш ҳақида келишиб олишгани аниқланди”, дейилган суд хабарномасида.

Жиноят иши материалларига кўра, 2019 йил августидан 2020 йил мартигача Ҳабибов ўз танишини “Жабҳатун-Нусра” фаолиятида иштирок этиш учун Сурияга чиқиб кетишга даъват қилган. 2020 йилнинг март ойида Симферополда шериклар ҳарбий кийим-бош ва дори-дармонлар, Краснодардан Тбилисигача (Грузия) автобус чиптаси ҳамда кейинчалик Сурияга чиқиб кетиш учун Тбилисидан Истанбулгача бўлган учоқ чиптасини сотиб олганлар.

Ўзбекистонликлар 2020 йил 26 мартида Қримда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Суд Маҳмудовга 5 йиллик, Ҳабибовга эса 9 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. Қайд этилишича, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган ва томонлар Апелляция ҳарбий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG