Ссылки доступа

Россия элчиси Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом берилиши юзасидан ўз мулоҳазасини билдирди


Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев

Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев Ўзбекистонда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақоми берилиши учун жамият пишиб-етилиши керак, деган фикрда. Бу мулоҳазани россиялик дипломат куни кеча Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

“Бу масала бўйича бир нарса дейиш қийин. Ахир бу каби масалалар жамиятда янги бўлиниш ҳадлари пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак. Биласизми, барибир, бунинг учун жамият пишиб етилиши керакка ўхшайди. Айниқса ҳозирги вазиятда”, дея иқтибос келтирган элчи В. Тюрденев сўзларидан Podrobno.uz нашри.

Ўз сўзида Россия элчиси Ўзбекистонда рус тилини ўрганишга қизиқиш тобора ошиб бораётганини қайд этган. Бу жиҳатдан, Тюрденевга кўра, жорий йилда рус тилида таълим олиш сифатини яхшилашга қаратилган “Класс” лойиҳасининг ишга туширилгани жуда вақтида амалга оширилган иш бўлган. Мазкур лойиҳа миллиардер Алишер Усмоновнинг молиявий кўмаги билан Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақомини бериш масаласи президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан бери кўтарила бошлаган. Хусусан, 2019 йили Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида 20 га яқин ўзбекистонлик русийзабон зиëли рус тилига расмий мақом бериш таклифи билан чиққан эди. Таклиф жамоатчилик орасида салбий қаршилангани ортидан улардан айримлари ўз имзосини қайтариб олган.

Жорий йилнинг 14 майида ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили мақоми борасида баёнот билан чиққани интернетнинг ўзбек сегментида қизғин баҳс-мунозара мавзусига айланган.

Ўшанда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини танқид ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган эди:

"Биз мазкур қонун лойиҳаси юзасидан матбуотда бошланган баҳс-мунозараларга эътибор қаратдик. Шундай тасаввур пайдо бўладики, қонун лойиҳаси тарафдорлари озчиликни ташкил қилмоқда. Кўпчилик шарҳлар рус тилининг расмий доирада тўлиқ равишда қўлланилиши тарафдорлари кўп эканидан гувоҳлик бермоқда. Бу икки томонлама муносабатларнинг тарихий ва замонавий руҳига мос келади. Энг муҳими бу Ўзбекистон фуқароларининг манфаатига ҳам мос келади”, деган Захарова хоним.

Россия ТИВ расмийсининг мазкур баёноти ўша пайтда айрим ўзбек депутатлари томонидан “Ўзбекистоннинг ички ишига аралашиш” дея талқин қилинган.

XS
SM
MD
LG