Ссылки доступа

Қозоғистон Мажлиси ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган протоколни ратификация қилди


Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Иккинчи факультатив протоколини ратификация қилишни маъқуллади.

Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердининг таъкидлашича, Қозоғистон протоколни ратификация қилган ҳолда, ўлим жазосини қўлламасликни ўз зиммасига олади, лекин уруш даврида ўлим жазосига йўл қўядиган ҳужжатда кўрсатилган банддан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

«Қозоғистон ҳарбий характердаги ўта оғир жиноятларни уруш даврида содир этган ҳолларда ўлим жазосидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», деди у.

Қозоғистон шу йил сентябрь ойида протоколга қўшилди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатнинг кучга кириши учун Конституцияга ўзгартириш киритиш ва мамлакат миллий қонунчилигини ўзгартириш зарурлигини кўрсатди.

Қозоғистонда ўлим жазосидан фойдаланишга мораторий 2003 йилдан бери амал қилмоқда, аммо ўлим жазоси жиноий жазонинг бир шакли сифатида бекор қилинмади. Қонунда ушбу жазо «одамларнинг ўлими билан боғлиқ террористик жиноятлар учун» ва «уруш пайтида содир этилган ўта оғир жиноятлар учун» назарда тутилган. Шунингдек, Жиноят кодексида ушбу ҳаракатлар ўлимга олиб келмаса ҳам, мамлакат президентининг ҳаётига ва Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг (2019 йил март ойида истеъфога чиққанидан кейин сиёсий таъсирини сақлаб қолган) ҳаётига тажовуз қилиш учун ўлим жазосини назарда тутувчи моддалар мавжуд.

Ҳуқуқ фаоллари бир неча бор расмийларни ўлим жазосини бутунлай бекор қилишга чақиришган. 2019 йил декабрда Президент Қосим-Жомарт Токаев ТИВга протоколга қўшилиш тартибини бошлашни буюрди.

Қозоғистон мустақиллиги эълон қилинганидан бери 536 та ўлим жазоси ижро этилди. Охирги ўлим жазоси 2016 йилда Олмаотада ўн кишининг қотиллигида айбдор деб топилган Руслан Кулекбаевга нисбатан қўлланилган.

XS
SM
MD
LG