Ссылки доступа

Бухоро вилоятида ис газидан она ва икки гўдаги нобуд бўлди


Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида уч нафар фуқаро ис газидан заҳарланиши оқибатида вафот этган. Бу ҳақда маҳалий нашрлар Когон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ғайрат Тоғаевдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Когон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига шу йил 23 декабрида “Хўжабарги” маҳалласи, Фаровонлик кўчасидаги 120-хонадонда ис газидан заҳарланиш оқибатида она ва унинг икки нафар фарзанди вафот этгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Воқеа жойига борган масъуллар хонадондаги иситиш печининг мўриси мато билан тўсиб қўйилгани, бу ўз-ўзидан ис газининг ташқарига чиқиб кетишига тўсқинлик қилганини аниқлашган. Уларнинг хулосасига кўра, бу уй ичида ис гази тўпланишига ҳамда хонадон эгаси Н.Қ., унинг тўрт ёшли ўғли Б.Ҳ. ва икки ёшли қизи С.С.нинг заҳарланиб вафот этишига сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган ва алоқадор шахслардан тушунтириш хати олинган. Когон шаҳар прокуратураси томонидан эса терговга қадар текширув ҳаракатлари бошлатилган.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолаётгани ҳақида Озодлик аввал бир неча бор хабар берган.

Мазкур муаммо шу йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган. Йиғилишда жорий йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олгани таъкидланган ҳамда бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифаси юкланган.

XS
SM
MD
LG