Ссылки доступа

Хитойда фуқаролик журналисти Ухан шаҳридан коронавирус ҳақида хабар бергани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Хитой февраль ойида Ухан шаҳрида коронавирус юқиши ҳақида хабар берган фуқаролик журналистини қамоқ жазосига ҳукм қилди.

37 ёшли Чжан Чжан Интернетда тарқалган видеолар муаллифи. Унинг видеоларида инфекция юқтирган одамлар билан тўлган касалхоналар ва крематориялар тасвирга олинган.

Журналист, собиқ адвокат, Шанхай суди томонидан вирус эпицентридан хабар бергани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди, деди унинг адвокати. Чжан Чжан «жанжал ва можароларни қўзғатишда» айбдор деб топилди.

«Суд қарори эълон қилинганда Чжан Чжан жуда хафа бўлиб кўринди», деди унинг адвокатларидан бири Жен Сюанню 28 декабрь куни журналистларга. Унинг қўшимча қилишича, эълон пайтида журналистнинг онаси кўз ёшларини тия олмаган.

Адвокатнинг айтишича, маҳкумнинг соғлиғидан хавотир кучаймоқда. Июнь ойида у ҳибсда очлик эълон қилди ва найча орқали мажбуран озиқланди. Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг мижози ўтган ҳафта унга жазо тайинланган тақдирда овқатдан бош тортишга ваъда берган.

Чжан Чжан Ухандан хабар берганидан кейин ҳукумат томонидан шу йил бошида ҳибсга олинган бир гуруҳ фуқаролик журналистлари орасида биринчи бўлди.

Хитой халқаро ҳамжамият томонидан вирус билан дастлабки муомалада бўлгани учун қаттиқ танқид қилинди ва маълумотларни яширганликда айбланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти олимларидан иборат ўн кишилик гуруҳ келаси ой касалликнинг тарқалишини текшириш учун Уханга бориши кутилмоқда. Пекин илгари мустақил терговни қабул қилишни истамаган.

XS
SM
MD
LG