Ссылки доступа

2021 “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” бўлади


Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф қилди.

Президентга кўра, мазкур йил доирасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида “кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади”.

“Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”,-деди президент ўз сўзида.

Шавкат Мирзиёев мурожаатида 2021 йилда Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил тўлишига ҳам эътибор қаратди. Унга кўра, 2021 йилда Мустақиллик куни “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ғоя асосида кенг байрам килинади.

Президент коронавирус “пандемиясининг навбатдаги тўлқини” ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

XS
SM
MD
LG