Ссылки доступа

Қирғизистон ўз фуқароларига пенсияларни Россия молиявий ёрдамидан тўлайди


Иллюстративное фото.
Иллюстративное фото.

Қирғизистон ўз фуқароларига пенсия тўлаш учун Россиядан молиявий ёрдам олади.

Расмий Москва Қирғизистонга ёрдам сифатида 20 миллион доллар ажратди. Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, ушбу маблағ «бепул ажратилади»:

«Россия Федерацияси ҳукумати Қирғизистон Республикаси бюджетидаги ишчиларнинг иш ҳақи, кам таъминланган оилаларга пенсия ва нафақалар, шунингдек соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш бўйича молиявий бўшлиқни қоплаш учун 20 миллион доллар ажратади. Шартнома лойиҳаси Қирғизистон томонидан маъқулланди ва яқин келажакда имзоланади», дея қайд этилган элчихонанинг хабарида.

Қирғизистонда 700 мингга яқин нафақа олувчиларга пенсия тўлаш учун 4 миллиард 156 миллион сом керак. Агар Россия томонидан жорий курс бўйича ажратилган 20 миллион долларни миллий валютага ўгирилса, тахминан 1 миллиард 640 миллион сомга айланади. Аммо ушбу маблағларнинг қанчаси пенсия тўлашга, қанчаси бошқа тўловларга сарфланиши ҳақида хабар берилмаган.

Молия вазирлиги вакили Нурбек Оқоловнинг таъкидлашича, Россия томонининг ушбу суммаси 2020 йилда ҳосил бўлган бюджет камомадини қоплашга сарфланади.

2020 йил 1 январь ҳолатига кўра Қирғизистонда 670 минг нафақахўр бор бўлган. Энди 687 минг қирғизистонлик пенсия олади. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йил охирига қадар нафақахўрлар сони 700 мингга кўпайиши мумкин.

Иқтисодчи Марат Мусуралиевнинг фикрига кўра, Қирғизистон Россиядан умидсизлик туфайли молиявий ёрдам сўрамоқда:

«Ҳукумат январь ойида пенсияларни тўлашда қийинчиликлар бўлади деган баҳона билан пул қидираётганини эшитдик. Шунинг учун менимча, Қирғизистон расмийлари Россия томонига мурожаат қилишга мажбур бўлишди. 1 миллиондан ортиқ қирғизистонликлар Россияда муҳожир бўлиб ишлайди. Улар у ерда бир неча йиллардан бери ҳеч қандай ижтимоий нафақалар олмасдан ишлайдилар. Шунинг учун Россия томонидан ажратилган пулни муҳожирлар ҳисобидан олинган товон пули деб ҳисоблаш мумкин», — деди манба.

Коронавирус пандемияси туфайли Қирғизистон Республикаси бюджети тақчиллиги ошди ва бу охирги ярим йилликда пенсия тўлашда қийинчиликларга олиб келди. Бош вазир вазифасини бажарувчи Артем Новиков 25 ноябрь куни Жўқорғу Кенгес мажлисида сўзга чиқиб, пенсия, иш ҳақи ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни чет элдан олинган кредитлар ҳисобига тўлашни молиялаштириш зарурлигини тан олди.

Унга кўра, 2020 йилда Қирғизистон донорлардан ёрдам тарзида жами 343 миллион доллар ёки 25 миллиард сом олган, шундан тахминан 17 миллиард нафақа, иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларни молиялаштиришга сарфланган.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2021 йил учун республика бюджетининг даромадлари ҳажми 172,9 миллиард сом (2 миллиард доллар) миқдорида, харажатлар эса 181,4 миллиард сом (тахминан 2,2 миллиард доллар) даражасида таъминланган.

Бош вазир вазифасини бажарувчи Артем Новиков тушунтирганидек, ушбу тоифага ташқи қарзлар, бюджет ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар бўйича тўловлар киради. Вазирлар Маҳкамаси солиқлар, божхона тўловлари, Давлат мулкини бошқариш жамғармасидан олинадиган даромадлар ва бошқа ички манбалардан тушадиган даромадларни ёпишга умид қилмоқда.

XS
SM
MD
LG