Ссылки доступа

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Мақсад Мамитканов нотинч оилаларни уйма уй юриб ўрганишни буюрди


Қирғизистон ҳукумати оиладаги зўравонликка қарши кураш бўйича йиғилиш ташкил қилди. 2020 йилнинг 11 ойида 8 337 та оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилганлиги эълон қилинди, бу ўтган йилга нисбатан 909 тага кўпдир.

Маиший зўравонликнинг олдини олишни кучайтириш учун Бош вазир ўринбосари Мақсад Мамитканов нотинч оилаларни уйма уй юриб ўрганишни буюрди. Унинг сўзларига кўра, бу билан маҳаллий ҳукумат ва ижтимоий ишчилар шуғулланиши керак.

«Янги йил таътиллари пайтида қариндошларининг қарамоғида бўлган меҳнат муҳожирларининг фарзандларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Улар хавф остида. Биз ҳар бир бола бизнинг назоратимиз остида бўлишига ҳаракат қилишимиз керак. Кеч бўлганда тревога қилгандан кўра, ҳозир ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.

Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Элвира Сурабалдиеванинг таъкидлашича, оилавий зўравонликнинг олдини олиш масалалари ҳар томонлама кўриб чиқилиши керак, шу жумладан мактаб ўқув дастурига жинсий маданият дарсларини киритиш ҳам лозим. «Ёш авлодга тўғри маълумот ва ахборот бериш керак», деди у.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, оилавий зўравонлик қурбонларининг 85 фоизини аёллар ташкил этади. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига асосланиб, Миллий статистика қўмитаси 2019 йилда, 2015 йилга нисбатан, оиладаги зўравонлик фактлари бўйича берилган вақтинчалик ҳимоя буйруқлари сони 1,7 бараварга ошганлигини хабар қилмоқда. Оилавий зўравонлик ҳолатлари энг кўп Бишкек (42%), Чуй (20%) ва Ўш (11%) вилоятларида содир бўлган.

XS
SM
MD
LG