Ссылки доступа

“Президент қарори” иддаоси билан фермерлар масжидда қўй сўйиб “эҳсон” қилишга мажбурланмоқда


Қашқадарë вилояти Косон тумани раҳбарлари 2020 йилнинг сўнгги ҳафтасида туманда мавжуд ҳар бир масжидда жонлиқ сўйилишини буюрди. Бу ҳақда бир-биридан мустақил равишда бир неча фермер хабар юборди.

Фермер ва тадбиркорлар¸ ҳоким топшириғи ижроси учун масъул ўринбосарлар – ака-ука Султонмурод ва Саид Донаев ҳамда Убайдулла Очилов ўзларидан "вазни 30-40 дан кам бўлмаган қўйни ҳокимиятга олиб келиб топшириш"ни талаб қилаëтганини билдирди. Уларга кўра, бу “эҳсон” президент "қарори" экани иддао қилинмоқда.

Косонлик фермерлар 2020 йилнинг сўнгги 10 кунида фермер ва тадбиркорларни талаш чегарадан ошганини айтади.

“Кеча бозор куни ҳоким номидан туман Фермерлар кенгашининг раиси¸ ҳоким муовинларидан бири Саид Донаев райондаги 24 та ҳудуд раҳбарига телефон қилиб¸ чорваси бор фермерлар кечки 5 га йиғилишга келсин¸ деди. Бормасликнинг иложи йўқ¸ ҳоким “хотинининг қўйнида ëтган бўлса ҳам олиб келасан”¸ деб участковойни юборади. 30 дан ошиқ фермер келди. Мажлисни ҳокимнинг яна бир муовини Убайдулла Очилов ўтказди”¸ - дейди фермерлардан бири.

Бу ва бошқа фермерларнинг айтишича¸ ҳоким ўринбосарлари мажлисда берилган буйруқнинг бевосита президент топшириғи эканини қайта-қайта таъкидлаган.

“Президент қарори билан ҳар битта масжидда катта жонлиқ сўйиб¸ эҳсон чиқариш мажбурий¸ деди. Қайси қарорлигини айтмади лекин. Ҳар биттанг камида 30-40 килолик қўчқор¸ бўлмаса¸ қорамол олиб келасан¸ деди. Ўша куни ҳокимнинг ўзи "Қусам ота" масжидида фермерлардан биттаси олиб келган қўчқорни сўйдириб¸ дуойи фотиҳа қилдирди. Гўë бу қурбонликни ўз ҳисобидан қилгандек¸ кеккайиб расмларга ҳам тушди. Эҳсон дейилган қўчқорнинг калла-почаси ва 2 килоча гўштни қолдириб¸ қолганини бозорда соттириб юборишди. Халққа¸ Янги йил олдидан ҳокимият камбағалларга эҳсон уюштирди¸ деб хабар тарқатишди”¸ - дейди тадбиркор.

Косон туман ҳокимининг иқтисодиëт бўйича ўринбосари Султонмурод Донаев эса¸ фермер ва тадбиркорлардан келган шикоят мазмунини эшитгач:

-Бу мутлақо ëлғон гап. Ҳеч ким уларни қўй ëки эҳсон қилишга мажбурлаëтгани йўқ¸ бўлиши ҳам мумкин эмас¸ - деб алоқани узиб қўйди.

Кейинги икки ой давомида Косон туманида амалдорларнинг аҳоли норозилигига сабаб бўлаëтган хатти-ҳаракатлари ҳақида келаëтган хабар ва шикоятлар кўпайиб бормоқда.

Ҳокимлик томонидан ўқитувчиларнинг ўз касбий фаолиятига алоқаси бўлмаган ишларга мажбурий жалб этилаëтгани¸ тадбиркорларга ноқонуний ўлпон солинаëтгани¸ ҳайдовчини калтаклаган ИИБ ходимларининг жазосиз қолгани ҳақидаги аҳоли мурожаатларига маҳаллий амалдорлар уларни ëппасига инкор этиш орқали муносабат кўрсатиб келмоқда.

Туман ҳокимининг ўринбосари (бугунги мақолада ҳам номи тилга олинган) Убайдулла Очиловнинг ўз қабулига келган аëл билан қаторасига терилган стул устида ëтиб олиб гаплашгани видеоси ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Ҳоким ўринбосари ўз қилмишини “бели оғригани” билан изоҳлади. Унга нисбатан бирон чора кўрилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG