Ссылки доступа

ЕИ лидерлари Британия билан савдо шартномасини имзолашди


Европа Иттифоқи лидерлари – Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ва Европа комиссияси раисаси Урсула фон дер Ляйен 30 декабрь куни Брюсселда Брекзитдан сўнг Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасини ЕИ номидан расман имзоладилар.

Мазкур ҳужжатлар чоршанба куни Британия ҳарбий-ҳаво кучлари учоғи билан Лондонга етказилиши ва у ерда бош вазир Борис Жонсон томонидан имзоланиши айтилмоқда.

Томонлар ҳужжатларни кўп ойлар давом этган музокаралар ортидан бир неча кун муқаддам мувофиқлаштирган эдилар.

Британия Европа Иттифоқидан расман 2020 йил 31 январида чиққан, бироқ йил охиригача ўтиш даври белгиланган бўлиб, бу вақт оралиғида аввалги шартномалар амалда бўлишда давом этиши керак эди.

2021 йил 1 январидан Британия ЕИни расмиятчилик учун эмас, балки феълан тарк этади, эски шартномалар ўрнига эса янгилари амал қила бошлайди. Британия парламенти бу шартномаларни янги йил киргунича маъқуллаш ниятида. Бироқ Европарламент уларни кейинги йил мартидан аввал кўриб чиқмайди.

2016 йил ёзида британияликлар Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берганлар. ЕИга 1973 йили қўшилган Буюк Британия мазкур иттифоқни тарк этган илк мамлакат бўлди.

Британиянинг ЕИдан чиқиши шартларига оид музокаралар 2017 йил июнида бошланган бўлиб, даставвал бу музокаралар икки йил давом этиши мўлжалланган, бироқ бир неча бор бу муддат чўздирилган. Британия парламенти мазкур шартномани муддатидан аввалги сайловда Борис Жонсон бошчилигидаги консерваторлар ғалаба қозонганидан кейингина маъқуллаган.

XS
SM
MD
LG