Ссылки доступа

Тожикистон ташқи қарзни тўлашни йил ўрталарига қадар қолдиришни сўради


Иллюстративное фото

Тожикистон инвестор мамлакатлардан ташқи қарзларни тўлаш ва улар бўйича фоизларни 2021 йил ўрталарига қолдиришни илтимос қилди.

Ҳозирча Тожикистон ҳукумати вакилларидан расмий изоҳлар бўлмаган, аммо Жаҳон банкининг ўтган йилнинг кузида тайёрланган ва 2020 йил декабрь ойининг охирида эълон қилинган ҳисоботида «бюджет камомади ва пандемия оқибатлари» ҳақида сўз боради.

Жаҳон банки ҳисоботида айтилишича, ташқи қарзни тўлашни кечиктириш Тожикистонга COVID-19 га қарши курашиш учун ижтимоий секторга, шу жумладан соғлиқни сақлашга етарли миқдорда бюджет маблағларини йўналтиришга имкон беради. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, тожик ҳукуматининг ташқи қарзни тўлашни 2021 йил ўрталарига қадар қолдириш ҳақидаги илтимосига ҳозирча фақат Хитой жавоб берган.

Коронавирус пандемияси тарқалгандан сўнг, G20 мамлакатлари — ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётини рағбатлантириш режасини, шу жумладан қарз тўлашни ва улар бўйича фоиз ставкаларини кечиктириш орқали амалга оширишни бошладилар. Тожикистон ҳам ривожланаётган мамлакатлар гуруҳига киради ва ушбу имтиёздан фойдаланишни хоҳлайди.

Шу билан бирга, Тожикистон молия вазири Файзиддин Қахҳорзода ўтган ноябрь ойида парламентда қилган нутқида 2021 йил бюджетида ташқи қарз ва фоизларни тўлаш учун 2,3 миллиард сомоний тўлаш кўзда тутилгани ҳақида гапирган.

Коронавирус тарқалиши ва 2020 йилда мамлакатга пул ўтказмалари камайиши билан Тожикистонда иқтисодий аҳвол ёмонлашди. Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид Осиё тараққиёт банкига мурожаатида коронавирус пандемияси тожик иқтисодиёти учун енгиб бўлмайдиган куч сабабларидан бирига айланганини ва шу сабабли мамлакат шошилинч ёрдамга муҳтожлигини таъкидлади.

Тожикистон ҳукуматининг ташқи қарзлар ва улар бўйича фоизлар бўйича тўловларни кечиктириш тўғрисидаги илтимоси Тожикистон ҳукумати 2021 йилда яна 562 миллион доллар ташқи қарз олиш, шу жумладан Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида янгради.

2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Тожикистоннинг ташқи қарзи 3,7 миллиард долларни ташкил этди, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 43,3 фоизига тенг.

Жаҳон банкининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, «Тожикистон дефолт хавфига дучор бўлганлиги сабабли, янги имтиёзсиз кредитлар олиш давлат қарзининг оғирлигини оширади».

Тожикистоннинг асосий кредиторлари мамлакатнинг ташқи қарзининг ярмига тўғри келадиган Хитой ҳукумати ва банклари ҳисобланади. Хитой қарзининг ошиши узоқ вақтдан буён Тожикистонда фуқаролик жамияти фаолларини ташвишга солиб келмоқда, чунки бу мамлакатнинг Хитойга қарамлигини кучайтирмоқда. Тожикистон молия вазири бундай танқидларга жавобан бир йил олдин Тожикистон Хитойдан уч йил давомида кредит олишни режалаштирмаганлигини ва шу тариқа «катта қарзлар Душанбени Пекин олдида заиф қилиб қўйиши ҳақидаги танқидлар нотўғри» эканлигини айтди.

Ташқи қарзларнинг ўсиши билан мамлакат бюджетининг фоизларни тўлаш ва кредит миқдорини тўлаш учун харажатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шундай қилиб, 2021 йилда Тожикистон ташқи қарз ва фоизларни тўлаш учун ўз бюджетидан 213,5 миллион доллар, 2022 йилда 238,2 миллион доллар ва 2023 йилда 243,3 миллион доллар сарфлайди. Яъни, бошқача қилиб айтганда, Тожикистон ўз қарзини тўлаш учун барча соғлиқни сақлаш харажатларидан кўра мамлакат бюджетидан кўпроқ маблағ сарфлайди.

XS
SM
MD
LG