Ссылки доступа

Афғонлараро тинчлик музокаралари 5 январь куни Дохада қайта тикланади


Начало межафганских мирных переговоров в Дохе, 12 сентября 2020 года
Начало межафганских мирных переговоров в Дохе, 12 сентября 2020 года

Афғонистон тинчлик музокараларининг иккинчи босқичи 2021 йил 5 январда давом этади. Декабрь ойининг ўрталаридан бошлаб Дохадаги музокараларда уч ҳафталик танаффус эълон қилинган эди.

Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича иккинчи босқичда расмий Кобул ва радикал Толибон ҳаракати делегациялари ҳужум қилиш ва зўравонликни тўхтатиш масалаларини муҳокама қилади.

Афғонистон Тинчлик вазирлиги вакили Нажия Анварининг 4 январь куни маълум қилишича, Қатар пойтахтига ҳукумат делегацияси етиб келади. «Олдинда бизни қийин музокаралар кутиб турибди, аммо ҳукумат ва расмий делегация аъзолари халқ иродаси ва миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда муваффақиятга эришишга қатъий қарор қилишди», дейди у.

Дохадаги Толибон ваколатхонаси вакили Муҳаммад Наим берган интервьюсида Толибон делегациясининг кун тартибидаги барча масалалар бўйича Кобул билан мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини эълон қилди. «Аввалги раунд якунида биз процессуал масалалардаги келишмовчиликларни бартараф этдик ва энди кун тартибидаги 12 масалани муҳокама қилишга ўтишга тайёрмиз», деди у.

Аввалроқ Кобул ва Толибон ўртасида музокаралар Афғонистоннинг ўзида давом этиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Бироқ, 27 декабрь куни Миллий ярашув олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла афғонлараро музокараларнинг иккинчи босқичи ҳам Дохада бўлиб ўтишини маълум қилди. Тегишли қарор, унинг сўзларига кўра, Кенгаш раҳбарияти ва Кобул музокаралар гуруҳи аъзолари учрашувидан сўнг қабул қилинди. Президентнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Воҳид Умарнинг айтишича, Ашраф Ғани гарчи музокараларни Афғонистонда керак деб ҳисобласада Қатардаги музокараларга рози бўлган.

Афғонлараро музокаралар Дохада 2020 йил 12 сентябрда бошланган, аммо фақат декабрь ойи ўрталарида Кобул ва Толибон процессуал масалалар бўйича келишмовчиликларни ҳал қилганликларини ва кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишга ўтишга тайёр эканликларини эълон қилишди.

Музокараларга қарамай, Афғонистондаги зўравонликлар давом этмоқда. 26 декабрь куни Кобулда 4 та портлаш амалга оширилди, натижада икки полициячи ҳалок бўлди ва яна 6 киши жароҳат олди.

Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатлари ва Толибон ҳаракати 29 февраль куни Афғонистонда тинчлик жараёни бошланиши тўғрисида битим имзолаган эди. Келишув хорижий кучларни Афғонистондан 2021 йил майигача олиб чиқиб кетишни кўзда тутади. 23 март куни АҚШ ва Қатар воситачилигида Афғонистон ҳукумати ва радикал Толибон биринчи музокараларини ўтказди.

XS
SM
MD
LG