Ссылки доступа

"Биринчи тун ҳуқуқини 10 минг долларга сотаман”. Душанбелик 23 ёшли қиз “бокиралик” аукционида иштирок этмоқда


Скриншот с сайта "Первая ночь"

Душанбелик 23 ёшли қиз First Night (“Биринчи тун”) халқаро аукциони орқали ўз “қизлиги”ни 10 минг долларга сотишга қарор қилди. Мазкур аукцион орқали ҳар йили турли давлатлардаги юзлаб қизлар “биринчи тун” ҳуқуқини бой эркакларга сотади.

Яқинда аукционда 23 ёшли душанбеликнинг: “Мен нозик қизман, келажакда яхши хотин бўлиш учун бой эрни излайман. Итоаткор, назокатли ва меҳрибонман. Мен ҳали бокираман”, деган эълони пайдо бўлди.

Озодлик радиоси тожик хизмати мазкур платформа орқали душанбелик қиз билан боғланди.

Қисқача ёзишмада у оиласи оғир молиявий вазиятда эканини, оиласининг қарзлари кўпайиб кетганини билдирди. Унга кўра, айни шу вазият ортидан у оиласига кўмак кўрсатиш мақсадида аукционда ўзини сотмоқчи бўлган.

Қолган саволларимизга қиз жавоб бермади. У “бокиралиги учун 10 минг доллар тўлашга тайёр ва БАА ёки Туркияга сафарини тўлаб беришга қодир жиддий мижоз билан гаплашиш истагида” эканини билдириб, гапни қисқа қилди.

Қизнинг айтишича, агар мижоз ҳаражатларини тўласа, бокиралигини тасдиқловчи тиббий кўрикдан ўтишга ҳам тайёр.

First Night онлайн аукционида Марказий Осиё давлатларида яшовчи қизларнинг эълонлари жуда кўп учрайди. Мусулмон давлатлари орасида эронлик қизларнинг эълонлари кўпроқ. Аукционда “қизлик” ёш ва чиройга қараб баҳоланади ҳамда унинг нархи 3 минг доллардан 1 миллион долларгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Маршалл оролларидаги ширкат таъсис этган First Night аукциони расмий сайтида таъкидланишича, ширкат “олди-сотди жараёни учун масъул эмас ва ҳеч қандай жавобгарликни зиммасига олмайди”.

Сайтдаги маълумотларга қараганда, қизлар ҳам, эркаклар ҳам ўз эълонларини мустақил қолдириш ва ўчириб ташлаш ҳуқуқига эга.

Сайт расмий вакилининг айтишича, олди-сотди жараёни “сотувчи ва харидор” ўртасида бўлиб ўтади, аукцион бу ишга аралашмайди. Сайт маъмурияти қизлардан келган фотосуратларни текшириш ва уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш билан чекланади.

Юрист ва “Фемида” ташкилоти раҳбари Саноат Солиеванинг айтишича, Тожикистон қонунчилигида ўз бокиралигини сотмоқчи бўлган қизнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш жараёни акс этмаган.

“Тожикистон қонунчилиги бундай ҳаракатларни тақиқламайди ва айни пайтда рухсат ҳам бермайди. Қонун билан тақиқланмаган ҳаракат эса, халқ орасидаги машҳур ибора билан айтганда, рухсат этиладиган ҳаракатдир. Аммо маънавий жиҳатдан олганда, бу ҳаракат халқимиз менталитетига тўғри келмайди. Тожик аёли ўз бокиралигини сақлаши лозим. Кўп йиллик юридик фаолиятим давомида, тожик қизи ўз бокиралигини сотаётганини биринчи марта эшитаяпман”,-деди Саноат Солиева.

Психолог Марьям Давлатова глобаллашув жараёнида бу каби ҳаракатлар яна-да кўпайиб бораверади, деб ҳисоблайди. Унга кўра, душанбелик қиз пул топишнинг бу усули ҳақида кимдандир хабар топган ва уни қўлдан бой бермоқчи эмас.

“Биз бу қизни айблаш учун ҳеч қандай маънавий ҳуқуққа эга эмасмиз. Психологик нуқтаи назардан айтадиган бўлсам, бизнинг жамиятимизда ўз танасини сотишга қарор қилган қиз учун яшаш жуда қийин. Балки уларнинг оиласи катта бахтсизликка учрагандир, бунинг ортидан у ўзини сотмоқчи бўлгандир”,- деди Марьям Давлатова.

Психологнинг айтишича, жамият қоралаш ўрнига оилага амалий ёрдам кўрсатса, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги мумкин.

Тожикистонда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби никоҳдан сўнг ўтадиган биринчи тунда қизларнинг бокиралиги алоҳида аҳамият касб этади. Тўйдан сўнг куёв томон “бокира эмас” деб ҳисоблаган келин шармандаларча уйдан ҳайдалади.

Бу каби аянчли вазиятнинг олдини олиш мақсадида Тожикистонда қизлар никоҳ кечасидан олдин бокиралигини тасдиқловчи тиббий кўрикдан ўтадилар. Ҳуқуқ фаоллари бу ҳолатни қизлар ҳуқуқини бузиш сифатида таснифлайдилар ва Тожикистон ҳукуматини қонунчиликдаги бу талабни бекор қилишга чақириб келади.

XS
SM
MD
LG