Ссылки доступа

ЕИда Moderna вакцинаси фойдаланиш учун тавсия қилинди


Европа дори-дармон агентлиги (EMA) 6 январь куни COVID-19 га қарши АҚШнинг Moderna фирмаси вакцинасини фойдаланиш учун тавсия қилди. Эндиликда Европа комиссияси мазкур тавсияни тасдиқлаши лозим, бироқ бу процедура расмиятчилик бўлиб ҳисобланади.

ЕМА тавсияси Европанинг кўплаб мамлакатида хасталик кўрсаткичлари ошиб бораётган ҳамда эмлов секин кетаётгани ҳақида танқидлар кучаяётган бир пайтда чиқди.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен EMА қадамини олқишлаб, мутасаддилар вакцинани маъқуллаш учун бор ғайрат билан ишлаётганини билдирди.

ЕИ блокка аъзо бўлган 27 та мамлакат учун 160 миллион доза вакцина учун дастлабки буюртмани берган. Декабрь ойи охирида Европа Иттифоқида АҚШнинг Pfizer фармацевтика ширкати билан Германиянинг BioNTech ширкати ҳамкорликда ишлаб чиқарган вакцина тақсимлай бошланган.

Moderna вакцинаси ҳам, Pfizer/ BioNTech вакцинаси ҳам икки дозали бўлиб ҳисобланади. Дастлабки натижалар уларнинг хавфсизлигини ҳамда кучли ҳимоя таъсирига эга эканини кўрсатган. Moderna вакцинасини ташиш шартлари жўнроқ, чунки уни ўта паст температурада сақлаш шарт эмас. АҚШ, Канада ва Исроил аввалроқ бу вакцинадан фойдаланишни маъқуллаганлар.

XS
SM
MD
LG