Ссылки доступа

HRW Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотларини рўйхатга олишда тўсиқлар қўйилаётганини қоралади


Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида “айрим” ислоҳотлар ўтказилганига қарамай, ташкилотларни рўйхатга олиш бўйича қонунчиликда мавжуд бўлган ҳаддан ортиқ ва оғир талаблар мустақил ноҳукумат ташкилотлари ишига “жиддий” тўсқинлик қилишда давом этмоқда.

Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан 7 январь куни ёйинланган баёнотда айтилган.

Халқаро ташкилот вакилларига кўра, Ўзбекистон расмийлари қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиб, инсон ҳуқуқлари ва мажбурий меҳнат каби нозик масалалар устида ишлашга интилаётган мустақил гуруҳларнинг ўз ноҳукумат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишларига имконият яратиб беришлари керак.

HRW Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп бўлган мамлакатда 2016 йили ҳокимият тепасига келганидан бери Ўзбекистон ҳукумати ташкилотларни рўйхатга олиш жараёнини жўнлаштириш учун “айрим муҳим қадамлар”ни қўйгани, бироқ президент 2018 йили НҲТлар учун чекловларни бекор қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олганига қарамай, “мужмал ва оғир” тартиб-қоидалар ҳамон ўз кучида қолаётганини билдирган.

Ташкилот Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат рўйхатидан ўтмоқчи бўлган олти мустақил гуруҳ вакиллари сўзларига таянган ҳолда, уларнинг ўз НҲТларини қайддан ўтказиш учун берган аризалари “имло хатолари ёки бирор маълумотнинг йўқлиги каби жузъий камчиликлар туфайли” рад этилганини урғулаган.

HRW суҳбатдошларининг айтишларича, мамлакат қонунчилигида ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун кўплаб кераксиз талаблар бўлиб, айни пайтда аризани рад этиш учун анчагина сабаб-баҳона топса бўлади, бу эса мулозимларнинг ўзбошимчалик билан қарор чиқаришига замин яратади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, НҲТлардан бири учинчи уринишдан кейингина истар-истамас рўйхатга олинган.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчиси ёрдамчиси Владислав Лобановга кўра, халқаро ҳамкорлар расмий Тошкентни ноҳукумат секторига эркин фаолият юритиш имконини беришга чақирмоқдалар ва ўзбек расмийлари бу чақириқларга қулоқ тутишлари керак.

Ўтган йил апрелида БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси мазкур масала бўйича Ўзбекистон ҳукуматига ўз хавотирини изҳор қилган. Ўзбекистонда НҲТларни рўйхатга олишда тўсқинликлар қилинаётгани юзасидан ЕИ ва АҚШ мутасаддилари ҳам ташвиш билдирганлар.

XS
SM
MD
LG