Ссылки доступа

Ўзбекистон, АҚШ ва Қозоғистон ҳукуматлари қиймати 1 миллиард долларга тенг лойиҳани ишга туширди


АҚШ, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлигини йўлга қўйдилар. Уч давлат ҳукуматининг бунга оид қўшма баёноти шу йил 7 январида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида ёйинланди.

Унда қайд этилишича, иштирокчилар минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва фаровонликни ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббусга бошқа мамлакатларнинг ҳам қўшилишини олқишлайди.

“Мазкур ташаббус доирасида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (ХТМК), Қозоғистон Республикаси ҳукумати манфаатлари йўлида фаолият олиб борувчи “Астана” халқаро молия маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хусусий секторнинг ўсишига ёрдам бериш ҳамда Марказий Осиё ва янада кенгроқ минтақадаги иқтисодий алоқаларни кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида беш йил давомида камида бир миллиард доллар сармоя ётқизиш учун мавжуд барча саъй-ҳаракатларни ишга соладилар”, дейилган уч давлат ҳукуматининг қўшма баёнотида.

Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлиги хусусий сектор етакчилигида амалга ошириладиган лойиҳаларни илгари суриши айтилмоқда.

Шунингдек, Марказий Осиё инвестиция ҳамкорлиги АҚШнинг Марказий Осиё учун иқтисодий ўсиш ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади.

“С5+1 плафтормаси орқали фаолият олиб борган ҳолда ушбу ташаббус Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатни янада кучли ва фаровон қилиш учун савдо-сотиқ, тараққиёт ва ўзаро алоқани кучайтириш бўйича имкониятлардан фойдаланишга интилади. Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий таъсиридан халос бўлишга интилаётган бир паллада бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этади”, дейилган баёнотда.

Марказий Осий инвестиция ҳамкорлиги минтақада жойлашган ҳар бир мамлакат тараққиёти ва фаровонлигини ҳурмат қилишга асослангани қўшма баёнотда алоҳида урғуланган.

XS
SM
MD
LG