Ссылки доступа

Хивадаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида 15 яшар қиз нобуд бўлди


Хоразм вилоятининг Хива шаҳридаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида уйнинг деворлари ва томи қулаб тушган ҳамда ёнғин содир бўлган, ҳодиса чоғида 15 яшар қиз нобуд бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, воқеа Хиванинг Исломхўжа кўчасижа жойлашган 6-уйда 8 январга ўтар кечаси тунги соат 03:41 да рўй берган.

“Воқеа жойида ФВБ ёнғин-қутқарув ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари натижасида соат 04:50 ларда уй эгаси қизининг (2005 йилда туғилган) жасади бино конструкцияси уюмлари орасидан олиб чиқилди”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Ёнғин чоғида уй эгаси Ш.Э.нинг юз қисми, қўллари 22 фоизга куйган, у шифохонага етказилган.

Вазирлик вакиллари тахминича, портлашга “сизиб чиққан табиий газ ва ҳаво аралашмаси натижасида содир бўлган чақнаш” сабаб бўлган, ҳодиса “табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши” туфайли рўй берган.

Хабарномада воқеа жойига вилоят ҳокими бошчилигида ИИБ, ФВБ, ССБ ва бошқа тегишли идораларнинг куч ҳамда воситалари жалб қилингани, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилган.

Бу сўнгги кунлар ичида Ўзбекистонда рўй берган тўртинчи ҳалокатли газ портлашидир. 3 январь куни Самарқанддаги мактаблардан бирида газ портлаши оқибатида бир одам нобуд бўлгани, 4 январь куни Хоразм вилоятининг Боғот туманида ис газидан она-бола вафот этгани, 6 январь куни Қарши шаҳридаги хонадонларнинг бирида газ сизиши оқибатида юз берган портлашда камида икки инсон ҳалок бўлгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG