Ссылки доступа

Тожикистонликлар қурилаётган гидроэлектр станциясининг улушларини сотиб олишга мажбур бўлди


Роғун ГEСидаги акцияларни сотиш бўйича шов-шувли кампания бошланганидан роппа-роса 10 йил ўтди, аммо шу пайтгача акциялар эгалари дивиденд олиш-олмаслиги тўғрисида ҳеч қандай кафолат йўқ.

Баъзи аҳоли, улар сотиб олган акцияларидан ҳеч қачон фойда кўрмаслигига ишонмасликларини айтишади. Расмийлар одамларни сув иншооти қурилиши тугагандан сўнг дивидендлар тўлай бошлайдиган қимматли қоғозларни сақлашга чақирмоқдалар.

Тожикистонлик меҳнат муҳожири Қобилжон Роғун ГEСнинг акцияларини сотиб олганида талаба бўлган. Унга кўра 2010 йилда университет маъмурияти ҳар бир талабани камида 100 сомонийга акциялар сотиб олишга мажбур қилган. «Эсимда, отам кейин менга ижара ҳақи ва бошқа харажатларни тўлаш учун 1000 сомоний юборган. Мен келажакда менинг мамлакатим электр энергиясида ишламай қолмаслиги учун Роғун ГEС акцияларига барча пулларни сарфладим», дейди у.

Қобилжоннинг сўзларига кўра, у акциялардан дивидендлар кутмайди: «Ким билади, биз қачондир бу қимматли қоғозлардан фойда кўрамизми ёки йўқми? Биз дивиденд олмасак ҳам, лекин халқнинг пулидан камида битта сомоний ўғирланган бўлса, мен шахсан буни кечирмайман ”, — дея қўшимча қилди манба.

Қобилжоннинг сўзларига кўра, у эҳтимол минглаб акциядорлар қимматли қоғозларни фойда олиш учун эмас, балки узлуксиз электр таъминоти умидида сотиб олган. Бугунги кунга қадар мамлакат аҳолиси электр энергияси етишмаслигидан азият чекмоқда. 5 январь куни «Барки Тожик» энергетик холдинг мамлакатнинг қишлоқ жойларида энергия чеклови жорий этилганлигини эълон қилди. Қишлоқ аҳолиси мамлакат аҳолисининг 70 фоизини ташкил этади ва шу аёзли кечаларда улар «нурсиз» ўтказмоқда.

Роғун ГEСи акциядорларининг йиғилиши ҳар йили Душанбеда Тожикистоннинг ҳар бир минтақасидан бир нечта вакиллар иштирокида ўтказилади. Ушбу йиғилишларда мустақил оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишлари тақиқланади ва АЖ молиявий фаолияти натижалари ошкор қилинмайди.

Эҳтимол, шунинг учун ҳам аҳоли Роғун ГEС акцияларини сотиб олганларидан анча арзон нархда Интернет-платформаларда сотишга тайёр.

Тожикистон Молия вазирлиги Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбарининг ўринбосари Фурқат Элов 6 январь куни «акциялар оддий эмас, балки қимматли қоғозлар» эканлигини айтди.

«Одамлар ўз акцияларини сақлашгани яхшироқ», деди у. «Агар улар акцияларни йўқ қилсалар, бу ўзларига зарар келтиради. Акциялар пулга сотиб олинган. Улар ушлаб турсин, эҳтимол вақти келади ва улар ўзларининг дивидендларини олишади».

2010 йил 6 январда ҳокимият ташаббуси билан Роғун ГEС акциялари ва сертификатларини сотиш бошланди. Ҳукумат Роғун ГEСнинг 5 миллион акциясини 6 миллиард сомонийга, 100, 500, 1000 ва 5 минг сомоний номинал қийматига чиқарган. Кейин тахминан 900 миллион сомоний йиғилди (ўша даврдаги курс бўйича — 186 миллион доллар), аммо уч ой ўтгач, халқаро ташкилотларнинг талабига биноан Тожикистон акцияларни сотишни тўхтатишга мажбур бўлди.

Молия вазирлиги ушбу маблағларнинг қандай сарфланганлиги тўғрисида батафсил ҳисобот бермайди.

«Роғун ГEС» ОАЖ акцияларни сотиш орқали йиғилган барча маблағлар ГEС қурилишига сарфланганлиги ҳақида хабар берди.

Роғун ГEС инвестициялар ва қимматли қоғозлар бўлими бошлиғи Зуҳро Мусоеванинг айтишича, тушумлар ГEС учун ускуналар сотиб олишга кетган.

Унинг сўзларига кўра, режага кўра, фуқаролар ГEСнинг олтита агрегати тўлиқ ишга туширилганда ва Роғун ГEСи қурилиши расман тугагандан кейингина дивидендларга умид қилишлари мумкин. “Гидроэлектр мажмуасида олтита агрегатни ўрнатиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар улардан иккитаси фойдаланишга топширилди. Қолган блоклар ишга туширилса, акциядорлар компания даромадидан дивиденд олишлари мумкин», — деди Мусоева.

Унинг сўзларига кўра, Роғун ГEСи қурилиши 2027 йилда якунланиши керак. Яна бир ноаниқлик, келажакда гидроэлектр мажмуаси давлат тасарруфида қоладими ёки хусусийлаштирилиши билан боғлиқ. Иккинчи ҳолатда, акциялар билан нима содир бўлиши ҳам аниқ эмас. Мулк ҳуқуқининг ўзгариши акциялардан фойдаланишни тартибга солувчи қоидаларни ҳам ўзгартириши мумкин.

XS
SM
MD
LG