Ссылки доступа

Душанба куни демократлар Трампга импичмент моддаларини юборишлари мумкин


АҚШ Вакиллар Палатасидаги демократлар бугун 11 январь, душанба куни президент Доналд Трампга импичмент моддаларини топширишга тайёр. Бу ҳақда «Америка Овози» конгрессмен Тед Лёвга асосланиб хабар бермоқда.

Шанба оқшомига қадар Конгресснинг 190 дан ортиқ аъзолари расмий равишда импичментни қўллаб-қувватладилар, уларнинг барчаси демократлар. Импичмент моддалари айнан қандай тузилиши ҳозирча аниқ эмас, аммо президент ўз тарафдорларини 6 январь куни намойишчилар ва полициячини ўлдирган Капитолийга ҳужум қилишга ундаганликда айбланиши аниқ.

Демократлар, амалдаги президентнинг юзлаб тарафдорлари Конгресс палаталарининг қўшма йиғилишини тўхтатиб, Капитолийга бостириб кирган ҳужум, Трампнинг Вашингтондаги митингдаги нутқининг бевосита натижаси деб ҳисобламоқда. Трамп ундаги президент сайловлари натижаларини тан олмаган ва ўз тарафдорларини Капитолийга боришга чақирган. Шу билан бирга, ҳужум пайтида Трамп Twitterрда дастлаб намойишларни қораламади. Кейинроқ эса полицияга қарши зўравонлик ишлатмасликка чақирди ва шундан кейингина тинчликка чақириб, ҳужумни қоралади.

Трампга нисбатан 2019 йилнинг охирида эълон қилинган. У ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Аксарияти республикачилар бўлган Сенатда президент оқланиб, ўз лавозимида ишлашда давом этди. Бир президентлик муддатидаги иккинчи импичмент АҚШ тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса.

Трампнинг ваколат муддати тугашига атиги 10 кун қолди. 20 январь куни сайловда ғолиб чиққан демократ Жо Байден ўз вазифасини бошлайди. Шунга қарамай, Вакиллар Палатасидаги демократлар процедурани кейинги ҳафта якунлаш ниятида. Шундан сўнг, иш суд мажлисининг аналогини ўтказиши керак бўлган Сенатга юборилади. Шубҳасиз, 20 январгача Сенат бунга улгурмайди, аммо жараён Трампнинг ваколат муддати тугагандан сўнг амалга ошиши мумкин. Агар кўпчилик учдан икки қисми қоралаш учун овоз берадиган бўлса, Трамп, хусусан, собиқ президентларнинг хавфсизлик, пенсия каби имтиёзларини йўқотади. Бундан ташқари, Сенат Трампни 2024 йилда иккинчи муддатга сайланишига йўл қўймаслик учун овоз бериши мумкин.

Демократларнинг ўзлари аввал Байден кабинетига номзодларни тасдиқлаш билан шуғулланиши кераклигини таъкидлаб, Сенатни тезда кўриб чиқишга ундаётгани йўқ.

Вакиллар палатасида демократлар кўпчилик овозга эга. 20 январдан бошлаб Сенатда 50 республикачи ва 50 демократ бўлади, демак Трампнинг эҳтимолий судланиши учун камида 17 республикачи сенаторга овоз керак бўлади. Улардан иккитаси аллақачон Трамп, уларнинг фикрига кўра, қонунни бузганлигини айтган, аммо улар импичмент ҳақида эмас, балки ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиши ҳақида гапиришган.

Сайланган президент Байден Трампнинг импичменти тўғрисида аниқ позицияни эгалламаган ва масалани Конгрессга топширган.

Трамп эҳтимолий импичмент ҳақида изоҳ бермади. 6 январдаги воқеалардан сўнг етакчи ижтимоий тармоқлар унинг аккаунтларини блокировка қилди ёки ўчириб ташлади ва президент энди одатдагидек ўзининг қарорлари ёки фикрларини Twitterдаги аккаунтлари орқали етказа олмаяпти.

XS
SM
MD
LG