Ссылки доступа

"Бу совуқда онлайн таълим яхши эди, аммо интернет йўқ" - ўқувчилар совуқ синфхоналарга қайтмоқда


Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги аксар мактабларда ўқувчилар совуқ хоналарда ўқишга мажбур бўлмоқда

Ўзбекистонда мавжуд 10 мингга яқин мактабнинг аксарида 11 январдан қишки таътил тугаб, ўқувчилар яна синфхоналарга - анъанавий дарсларга қайтади.

Мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати -20 даражагача тушиб кетган, аномал совуқ кузатилаётган шу кунларда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар синфхоналарни иситиш ташвиши билан банд.

Халқ таълими ҳудудий бўлимларидан олинган маълумотга кўра, ҳокимиятлар мактаблар учун сифатли кўмирни етказиб бермоқда, айрим ҳудудларда табиий газ ҳам бор.

Аммо мактаб жамоаларига кўра, электр токи узилса, кўмир ва газнинг ўзи билан мактабни иситиб бўлмайди. Халқ таълими вазирлиги мавсум бошида республика бўйлаб куз-қиш мавсумида мактабларнинг иситилишига ҳокимликлар масъул эканини эслатганди.

Вилоятнинг Косонсой туманидаги тоғли Чиндовул қишлоғи болалари ўқийдиган 20-мактаб директор ўринбосари Соҳиба Дадахоновага кўра, мактаб 11 январдан очилишга "қисман ҳозир".

Бу мактабда 30 мингга яқин аҳолининг 1500 нафардан ортиқ фарзандлари таълим олади. Синфлар сони 52 та, ҳар бир синфда 28 нафардан 35 нафаргача ўқувчи бор.

Фарзандлари шу мактабда ўқийдиган ота-оналар синфхоналар исимаслиги, декабрь ойида айрим синфхоналарида болалар 0 даражадан паст ҳароратда ўтириб, шамоллаб қолганидан арз қилган.

Дадахонова мактабни иситишда жиддий муаммолар борлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, асосий муаммо – узлуксиз электр таъминотининг йўқлиги.

Хатирчидаги мактаб руҳшуноси Сафаргул Боймирзаева эса масофавий таълимга ўтказилган болалар етарли билим ололмаяпти, деган хавотирни тилга олди. Унинг фикрича, ҳозир ҳокимият ва тегишли ташкилотлар бор имкониятини ишга солиб, болаларни мактабга қайтариши, мактабларни эса албатта иситиб бериши лозим.

“Чунки, бизнинг Хатирчи туманида баъзи оилаларда компьютер йўқ, баъзиларида экрани катта телефонлар йўқ, баъзиларининг Интернетга қурби етмайди. Энг муҳими, аҳоли уйларида свет йўқ. Электр узилса, масофавий таълим ҳам тўхтайди. Болалар учун ҳар бир соат муҳим, ҳар ир кун муҳим. Шунинг учун бир амаллаб бўлса ҳам, мактабларни иситиб, болаларни анъанавий таълимга қайтариш керак”, деди Боймирзаева.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 10 мингга яқин мактаб бор, ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингдан ортиқ, ўқитувчилар сони эса ярим миллионга яқин.

Ўтган йили 16 мартидан Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан барча таълим муассасалари ёпилиб, ўқувчилар таътилга чиқарилганди. 30 мартдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим бошланган.

Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 янги ўқув йилида анъанавий дарслар босқичма-босқич йўлга қўйилишини маълум қилганди, аммо пандемия шароити чўзилгани боис, масофавий таълим ихтиёрий равишда сақланиб қолди.

Ўзбекистонда бу йил эрта тушган совуқ, айниқса қишлоқ мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларини танг аҳволда қолдирди. Мамлакатнинг турли ҳудудларидан газ таъминотидан буткул узилган мактабларнинг ўқувчилари совуқдан азоб чекаётгани ҳақида кўплаб хабарлар кела бошлади.

XS
SM
MD
LG