Ссылки доступа

Мирзиёев Жапаровни президент сайловидаги “ишончли ғалабаси” билан табриклади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 январь куни, расмий маълумотга кўра, “Қирғиз Республикасининг сайланган Президенти” Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқотда бўлган.

Президент матбуот хизмати қайдича, суҳбат аввалида Ш. Мирзиёев С. Жапаровни 10 январь куни бўлиб ўтган президент сайловидаги ишончли ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган.

Садир Жапаров эса, ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ва кўп миллатли халқига замонавий хатарларни енгиб ўтишда ва коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашишда қардош Қирғизистонга кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирган.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Қирғизистонда якшанба куни бўлиб ўтган президент сайловида, МСКнинг дастлабки маълумотига кўра, Садир Жапаров 17 нафар номзод орасида 79,19 фоиз овоз олган.

Айни пайтда халқаро кузатувчилар Қирғизистонда “яхши ташкил этилган” президент сайловида номзодлар учун бир хил шарт-шароит яратилмаганини танқид қилганлар.

Эътиборли жиҳати шуки, Ш. Мирзиёев С. Жапаровни ҳали Қирғизистонда сайловнинг якуний натижалари чиқарилмай туриб табриклашга улгурди. Ваҳоланки, Ўзбекистон президенти АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденни сайловнинг дастлабки натижалари чиқарилганидан икки ой ўтиб ҳам қутлагани йўқ. Шу йил 20 январида қасамёдга келтирилажак Байденнинг ғалабаси 2020 йил 14 декабрида бўлиб ўтган сайловчилар ҳайъатида ҳам, шу йил 6 январида бўлиб ўтган Конгресснинг иккала палатаси қўшма мажлисида ҳам тасдиқланган.

XS
SM
MD
LG