Ссылки доступа

Ички ишлар вазирлиги TikTokчиларнинг ота-оналарини огоҳлантирди


Ички ишлар вазирлиги TikTok фойдаланувчиларини ва уларнинг ота-оналарини “фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланиши ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланиши” тўғрисида огоҳлантирди.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов эълон қилган видеохабарда айтилишича, сўнгги пайтларда TikTok платформасида “турли масхараомуз, одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлар тасвирланган видеолар” кўплаб тарқалмоқда.

“Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз, биз бундай ахлоқсизликка йўл қўймаймиз”,-деган матбуот котиби ва TikTokчиларнинг бундай ҳаракатлари майда безорилик ҳисобланишини маълум қилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Андижондаги TikTokчилардан бири 9 январда “машҳур бўлиш учун ўзини поезд тагига ташлагани ва бу видеони TikTokка жойлаштиргани” хабар қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси бу шахснинг ким эканлигини аниқлаган, у телеканаллар орқали халқдан узр сўраган. Ички ишлар вазирлиги эса айни пайтда бу шахсга нисбатан суриштирув ишлари давом этаётганини билдирган.

Бундан олдин Гулистондаги чорраҳада рақсга тушган TikTokчи йигитлар 4 суткага қамалган, Фарғонадаги мактабнинг синфхонасида пиротехника портлатган ўқувчи ИИБ рўйхатига олинган. Андижонда хиёбон ўриндиқларини ағдариб, тўсиқлар, чиқинди қутиларини тепиб, TikTok учун видео олган безориларга чора кўрилган.

Айни пайтда Янги йил арафасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги "TikTok Awards 2020" фестивалини ташкил қилиб, энг яхши ўзбек Тиктокчиларини мукофотлади. Қимматбаҳо мукофотларни тақдим этган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзбек Тиктокчиларни энг азиз ва энг яхши, дея мақтади.

XS
SM
MD
LG