Ссылки доступа

ЖССТ: COVID-19га қарши жамоавий иммунитет 2021 йилда пайдо бўлмайди


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти -ЖССТ, дунё давлатлари эмлаш жараёнини тезлаштирган ҳолатда ҳам, 2021 йилда COVID-19га қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлмаслигини билдирди.

“Вакцина аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилган тақдирда ҳам биз 2021 йилда умумий ёки жамоавий иммунитет пайдо бўлишига эриша олмаймиз. Айрим ҳудудларда пайдо бўлган иммунитет бутун дунёдаги одамларни ҳимоя қила олмайди”,-деди 11 январь куни ЖССТ бош илмий ходими Сумья Сваминатан.

Бир неча ойлик чеклов чораларига қарамасдан Европа, Америка ва Осиёда вируснинг тарқалиш кучи бутунлай йўқ бўлмади. Айни пайтда мамлакатлар пандемияни тўхтатиш учун аҳолининг кенг қатламини оммавий эмлаш ҳаракатидадир.

ЖССТнинг билдиришича, вирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлиши учун аҳолининг камида 70-80 фоизи эмланиши зарур.

Европа ва АҚШда Moderna ва Pfizer-BioNTech вакциналари билан эмлаш жараёни суст бормоқда. Вакцинани кўп миқдорда етказиб беришга молиявий-техник етишмовчиликлар сабаб бўлмоқда.

ЖССТ бош директори маслаҳатчиси Брюс Эйлвард ташкилот январь ойининг охири ёки февраль ойида жаҳоннинг қашшоқ давлатларида эмлаш жараёни бошланишига умид қилмоқда. ЖССТ бой давлатларни қашшоқ мамлакаларни вакцина билан таъминлашга кўмаклашишга чақирди.

XS
SM
MD
LG