Ссылки доступа

Европа Иттифоқи Қирғизистондаги ўтган президент сайловлари ва референдум бўйича баёнот берди


Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги Делегацияси ўтган президент сайловлари ва референдум бўйича баёнот чиқарди.

Унда Европа Иттифоқи «тартибли ва уюшган президентлик сайловларини» олқишлаши, шу билан бирга ЕХҲТ / ДИИҲБнинг дастлабки хулосаларига кўра номзодлар учун тенг шароитлар, маъмурий ресурслардан фойдаланиш ва сайловолди ташвиқоти тартиб-қоидалари бузилганлиги қайд этилган.

«Сайловчиларнинг фаоллиги ҳам нисбатан паст эди. Қирғизистон ҳукумати ЕХҲТ / ДИИҲБ тавсияларига мувофиқ миллий сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириши керак. Европа Иттифоқи бўлажак президентни жамиятнинг барча соҳалари билан ишлашга ва инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари бўйича Қирғизистон Республикасининг умумбашарий мажбуриятларини янада кучайтиришга ҳамда халқаро мажбуриятларини бажаришга чақиради», - дейилади баёнотда.

Европа Иттифоқи шунингдек, Қирғизистон халқи президентлик бошқарувини референдумда танлаганлиги сабабли, янги Конституция президентлик тизими халқаро мажбуриятларга мувофиқ демократик тамойилларга тўлиқ мос келишини таъминлаши ва янги лойиҳани муҳокама қилиш очиқ ва ошкора бўлиши кераклигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишни ва ЕХҲТ / ДИИҲБ билан ҳамкорликни чақиради, шу билан инклюзивлик ва плюрализмни ҳурмат қилиш зарурлигини эслайди.
Қирғизистонда ўтган якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида собиқ давлат раҳбари вазифасини бажарувчи Садир Жапаров етакчилик қилди. МСКнинг дастлабки маълумотларига кўра, у 79 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Қирғизистондаги президент сайловлари билан бир вақтда референдум ўтказилиб, унда бошқарув шаклини танлаш масаласи қўйилди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 80 фоиздан кўпроғи президентлик формасини танлаган. Энди мамлакатда янги Конституция ишлаб чиқилади.

XS
SM
MD
LG