Ссылки доступа

Истанбулда қўлга олинган журналист Абдукарим Мирзаев озод қилинди


Абдукарим Мирзаев
Абдукарим Мирзаев

Туркияда маҳаллий полиция томонидан ҳибсга олинган журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев 12 январь куни Истанбул Иммиграция идорасининг (Göç idaresi) Чет элликларни депортация қилиш марказидан қўйиб юборилди.

Бу ҳақда А. Мирзаев ҳамкорлик қилиб келган Registon TV онлайн телеканали маълумот тарқатди.

“Ҳозирда Абдукарим Мирзаев ўз уйида, оиласи бағрида, тез орада жонли эфирга чиқиб, бўлиб ўтган воқеалар юзасидан муносабатини билдириб, мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб беради”, дейилган телеканал хабарномасида.

Туркиянинг Кастамону университети магистранти бўлган 38 ёшли Абдукарим Мирзаев шу йил 11 декабрида қўлга олингани ҳақидаги хабар 19 декабрда пайдо бўлганди. У “шубҳали шахслар билан телефон орқали мулоқотда бўлгани” учун қўлга олингани айтилган.

Бу хабар ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси А. Мирзаевнинг Туркияда қўлга олинишига расмий Тошкентнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот тарқатган. БП унга нисбатан Ўзбекистонда очилган бирор жиноят иши йўқлиги ва ўзи ҳам қидирувда эмаслигини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, Абдукарим Мирзаев Ўзбекистондаги фаолияти давомида “Пойтахт”, “Замин” радиолари, “Ёшлар” ва "Ўзбекистон" телерадиоканалларида ишлаган.

Сўнгги вақтларда Туркияда яшаётган А. Мирзаев YouTube тармоғи орқали диний, фалсафий ва ижтимоий мавзуларда чиқишлар қилаётган эди.

XS
SM
MD
LG