Ссылки доступа

Ўзбекча норозилик: Газ ва светсиз қолган аҳолининг йўл тўсиш акциялари тобора кенгроқ ёйилмоқда(видео)


Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани қишнинг совуқ кунларида газсиз қолганидан норози аҳоли катта йўлни тўсиб қўйган навбатдаги ҳудуд бўлди.

Озодликка юборилган видеода, 13 январга ўтар кечаси асосан, аёллардан иборат бир неча ўнлаб инсон катта йўлнинг бир қисмини тўсиб тургани кўринади.

Одамлар хонадонлари газсиз қолганидан шикоят қилишади.

"Газни бошлиғи келсин, ҳаммамиз жонимиздан тўйдик", - дейди Олтиариқ тумани марказидаги "Шердил" магазини олдидаги йўлда тўпланган аёллардан бири.

Фарғоналик блогер Зафарбек Солижоновнинг ёзишича, Олтиариқда аҳоли йўл тўсишдан олдин ҳокимлик ва туман газ идорасига борган, лекин натижа бўлмаган.

"Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ҳам аҳоли газ йўқлиги ва свет тинмай ўчаётгани сабаб кўчага чиқди. Туман марказидаги Шердил магазинининг олдида тўпланишган. Айтишларича, аҳоли ҳокимлик, райгаз ва шу каби бир нечта ташкилотларга борган, мурожаат қилган ва самара бўлмаган", - деб ёзди Солижонов ўзининг Телеграм саҳифасида.

Аҳоли йўл тўсиши ортидан Олтиариқ тумани ҳокими ва туман газ идораси раҳбарлари зудлик билан воқеага жойига етиб борганлар.

Улар аҳоли талабини бажаришга сўз берганларидан сўнг норозилар тарқалган.

Йўл тўсиш, бу-ўзбекларга мос протест усули. Чунки ҳокимликларнинг олдига тўпланса эътибор бермайди

Олтиқариқ туман ҳокимлигининг мулозими тумандаги кўпқаватли уйларда газ босими пасайиб кетгани, 13 январь куни муаммо ҳал этилганини айтди.

"Кўпқаватли уйларда газ босими пасайиб кетган экан. Ҳоким борди, учрашди. Вазиятни бориб ўрганди ва бугун ҳаммаси ҳал бўлди. Ҳозир хонадонларда газ босими яна тикланди", - деди туман ҳокимлиги мулозими.

Бу Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичидаги маълум олтинчи йўл тўсиш акциясидир.

Икки кун илгари Жиззахда газ ва свет талаб қилган маҳаллий аҳоли магистрал йўлни тўсиб қўйган.

Бу норозилик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари билан бир вақтга тўғри келган.

11 январь куни асосан, аёллардан иборат бир неча ўнлаб одам Пахтакор туманининг Навбаҳор МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўлни бир неча соат тўсиб турди.

Бундан олдин Бухоро, Қоракўл, Музработ, Пахтакор туманлари ҳамда Андижон ва Қўқон шаҳарларида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аёллар йўл тўсиб ўз норозилигини билдиргани ҳақда хабар қилинган эди.

Йўл тўсиш акциялари ортидан маҳаллий ҳокимликлар газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган муаммо қисман бартараф этилганини айтишган.

Ўзбекистонда ҳар йили қиш мавсумида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аҳолининг чиқишлари кузатилади.

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда аҳолининг ўз норозилигини ифодалаш учун йўл тўсиши кўп кузатилмоқда. Аксар ҳолларда бундай норозиликлар расмийларнинг назарига тез тушади ва узоққа чўзилмайди.

Ўтган йили газ ва электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ортидан Андижон, Фарғона, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда аҳоли норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйган эди.

Ҳукумат мамлакат бўйлаб давом этаётган энергетика инқирозини ҳал қилиш юзасидан аниқ режасини эълон қилмагани каби, узоқ муддатда аҳолининг бу каби норозиликлари борасида қандай йўл тутиши ҳам номаълум.

Маҳаллий ҳокимиятлар аҳоли норозилигини вақтинча чоралар, жумладан, шошилинч тарзда кўмир тарқатиш ёки электр таъминотини бир муддат қайта тиклаш билан ҳал қилишга уринмоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг тинч намойишлар ўтказишига рухсат этилмайди, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу борадаги мавжуд тартиб амалда демократик жамиятларнинг фундаментал ҳуқуқи бўлган тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини чеклашини танқид қилиб келадилар.

XS
SM
MD
LG