Ссылки доступа

Telegram асосчиси ўз платформасида Мирзиёев дохил давлат раҳбарлари канал очаётгани билан мақтанди


Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров сўнгги пайтларда ўз тармоғи кундан-кунга янги фойдаланувчилар ҳисобига кенгаяётгани, янги канал очганлар сафига Бразилия ва Туркия президентлари ҳам қўшилгани ҳақида билдирган.

“Шу тобда инсоният тарихидаги энг йирик рақамли миграциялардан бирига гувоҳ бўлаётган бўлишимиз мумкин”, деб ёзган П. Дуров ўз постида.

Telegram асосчисига кўра, мессенжерда аввалроқ Мексика, Франция, Украина, Ўзбекистон, Тайвань президентлари, Сингапур, Эфиопия, Исроил бош вазирлари канал очган.

Павел Дуров сиёсий лидерлар ва кўплаб жамоат ташкилотлари ўз жамиятидаги муҳим муаммолар ҳақида ахборот тарқатиш ҳамда дезинформацияга қарши кураш учун Telegram’дан фойдаланаётгани мессенжер вакиллари учун улкан шараф эканини қўшимча қилган.

Куни кеча Дуров январь ойи бошида Telegram тармоғи фойдаланувчилари сони 500 миллион нафарга етгани ҳақида маълум қилганди.

Telegram’да фойдаланувчилар сони кескин орта бошлагани дунёдаги энг оммабоп мессенжер бўлган WhatsApp’нинг хизмат кўрсатиш шартлари ва махфийлик сиёсатини янгилагани билан боғланмоқда. Бу ўзгаришлар кўплаб фойдаланувчиларда норозилик уйғотган ва улар бошқа мессенжерларга кўча бошлашган.

XS
SM
MD
LG