Ссылки доступа

Ўзбекистон расмийлари Қайроққум сум омбори ёрилганига оид маълумотларни рад этди


“Баҳри тожик” (Қайроққум ) сув омбори (архивдан олинган сурат)

Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омбори бузилганига оид аҳоли орасида тарқалган маълумот ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий Телеграм-канали орқали маълум қилди.

ФВВнинг “Тожикистондаги фавқулодда вазиятларга масъул идорадан олинган аниқ маълумотлар”га таянган ҳолда қайд этишича, Қайроққум сув омбори бузилмаган ва нормал ҳолатда ишламоқда.

Ижтимоий тармоқларда 14 январь куни Қайроққум сув омборининг ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида тарқалган хабарларнинг ёлғонлиги ҳақида Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳам расмий маълумот тарқатган.

Ҳокимлик матбуот хизмати бу хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотгани, айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани, бундан хабар топган вилоят ҳокими Ғ. Мирзаев туманларга етиб борганини маълум қилган.

“Ғофуржон Мирзаев бу каби хабар тарқалишига хеч қандай асослар мавжуд эмаслигини билдирди. Аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирди”, дейилган Сирдарё вилоят ҳокимлиги хабарномасида.

Бу орада Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ҳам “Баҳри тожик” (Қайроққум) сув омбори ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлгани ҳақида тарқалган хабарлар асоссизлигини билдирди.

“Баҳри тожик” сув омборидаги гидроэлектр станцияси директори Файзулла Азизовнинг маълум қилишича, сув омборида ҳеч қандай муаммо йўқ, барча иншоотлар техник соз ҳолатда. Гидроэлектр станциясидаги агрегатлар одатдаги тартибда ишлаб турибди. Барча иншоотларнинг хавфсизлиги назоратга олинган. Сув омбори атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли саросимага тушиб, хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиз”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, бугунги кунда Қайроққум сув омборининг сув ҳажми 3 млрд. 443 млн. м³ бўлиб, сув омборига сувнинг кириши 892 м³/сек., сувнинг чиқиши эса 880 м³ /сек.ни ташкил этмоқда. Сув омборида охирги ўн кунлик давомида сув тўплаш ва сув чиқаришда ҳеч қандай кескин ўзгариш кузатилмаган.

Сув хўжалиги вазирлиги вакилларининг ишонтиришича, вазирликда кечаю-кундуз фаолият юритадиган навбатчилик ташкил қилинган ҳамда диспетчерлик хизмати доимий ишлаб турибди. Шунингдек, Ўзбекистондаги барча йирик сув иншоотларининг хавфсиз ишлаши яна бир бор назоратдан ўтказилган.

“Баҳри тожик” сув омборининг сув ҳажми ўзгариши бўйича қўшни Тожикистон Республикаси сув хўжалиги органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзгидромет” маркази билан мунтазам алоқалар ўрнатилган бўлиб, сув омборининг ишлаш режими бўйича ҳар соатлик мониторинг юритиб борилмоқда”, дея билдирган Сув хўжалиги вазирлиги фуқароларни бу каби ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва хотиржамликка чақирган.

XS
SM
MD
LG