Ссылки доступа

Қаршида боғи бузилганидан норози аҳоли йўлни тўсди. Экология дарахтларни қўпоришга рухсат бермаган


13 январь куни эрталаб Қарши шаҳар, Буюк Турон маҳалласининг қарийб 200 нафар аҳолиси аэропорт йўналишидаги автомобиль йўлини қўпорилган дарахтлар билан тўсиб қўйди.

Намойишчилар Қарши шаҳар ҳокимлигининг ўзлари яратган 12 гектар ердаги мевали ва манзарали дарахтларни яксон қилиб, ўрнида саноат зонаси барпо этиш режасига шу тариқа норозилик билдиришди.

Гувоҳларга кўра, воқеа жойига етиб келган шаҳар ҳокими, ИИБ бошлиғи ва йигирмадан ортиқ орган ходимлари аҳолига босим ўтказиб, йўлни очтирган ва уч нафар аёлни ИИБга олиб кетган.

Ҳатто қарияларни ҳам орган ходимлари ҳақорат қилиб, тарқалишга мажбур қилгани айтилмоқда. Воқеани сурат ва видеога олган одамларнинг телефонлари тортиб олинган.

Аҳолига бундан 30 йил аввал ободонлаштириш учун берилган бу ташландиқ жойда ҳозир 100 мингтадан кўп дарахт бор.

27 ноябрь куни Буюк Турон маҳалласида яшовчи йигирма нафар аëл бензин кўтариб чиққан ва яна шу маҳаллада яшовчи 220 нафар эркак чиқиб, ҳокимият вакилларининг боғни кесишига қаршилик қилган эди.

Орган ходимларининг таъқибидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган қаршилик йигитлардан бирининг айтишича, 12 январь куни дарахтлар кесила бошланганидан кейин 13 январь куни эрталабдан аҳоли боққа йиғилган:

Милиция ходимлари аҳолини сўкиб, ҳақоратлаб йўлни очтирди.

“Кеча ҳокимлик мингдан ортиқ мевали дарахтларимизни трактор билан қўпориб ташлади. 25-30 йилдан буён чўлда кўкартирган боғимизни барбод қила бошлади. Бугун эрталабдан одамлар қўпорилган дарахтларни кўриб, шу даражада даҳшатга тушдики, ҳатто баъзи қариялар юм-юм йиғлади. Одамларнинг ўзлари дарахтларни йўлга кўтариб чиқиб, ташлай бошлади. Бир соатнинг ичида йўл бутунлай тўсилди. Икки томондан машиналар ҳаракати тўхтаб қолди. Бундан хабар топган милиция дарҳол етиб келди. Ҳоким ҳам келди. Милиция ходимлари аҳолини сўкиб, ҳақоратлаб йўлни очтирди. Кўпроқ ҳаққини талаб қилган уч аёлни мошинага босиб олиб кетди. Қолганларни ҳозир сени ҳам олиб бориб тиқамиз деб қўрқитиб, тарқатди”.

Суҳбатдошнинг айтишича, ҳокимлик бу қарорини на бир ҳужжат ва на қарор билан асослай олган.

Орган ходимлари одамлар орасидан кўпроқ норозилик билдирган ва адолатни талаб қилган уч аёлни машинага босиб, олиб кетишган.

13 январь куни кечга бориб олган маълумотга кўра, икки аёлдан тушунтириш хати олиб қўйиб юборилган ва Машҳура Содиқова исмли ёлғиз аёл олиб қолинган.

13 январь куни Тошкент вақти билан соат 20да олинган маълумотга кўра, Машҳура Содиқовага "майда безорилик" айби қўйилиб, тўрт суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Боғини ҳимоя қилган қаршилик аёл "10 дақиқалик суд"да 10 суткага қамалди. У ўзига таҳдидлардан шикоят қилмоқда

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Ғанишер Ибрагимов бу боғни кесиш учун ҳеч қандай рухсатнома берилмаганини айтди:

- Биз бу боғнинг кесилишига рухсат бермаганмиз. Бизга бу ҳақда ариза ҳам тушмаган. Кеча дарахтларни қўпоришган экан, бугун шаҳар инспекциясида мутахассисларимиз бориб, ҳужжатларни расмийлаштириб, шаҳар прокуратурасига топширган. Бу ишга нисбатан чора кўрилади, жаримага тортилади, биз рухсат бермаганмиз.

Айтишларича, у ерда дастур бўйича катта саноат зонаси қурилиши керак экан, юқори ташкилотлар энди буни кўриб чиқишади, лекин ҳозирча бизга ҳеч қандай мурожаат бўлмаган.

Қарши шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари Умид Жабборов бу воқеадан хабари борлигини тасдиқлар экан, тафсилотларини билмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG