Ссылки доступа

Тожикистонда меҳнат муҳожирлари учун мобил илова ишлаб чиқилди (видео)


Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳолининг ижтимоий бандлиги вазирлиги Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш учун мобил дастур ишлаб чиқди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай дастурга бўлган эҳтиёж азалдан мавжуд бўлган. Расмийларнинг фикрига кўра, лойиҳанинг муваффақияти мигрантлар уни қанчалик фаол ишлатишига боғлиқ.

Тожикистонлик муҳожирлар кўпинча Россияда бўлиш қоидалари, ноқонуний ҳибслар, асоссиз равишда ишдан бўшатиш ва иш ҳақини тўламаслик ҳақида шикоят қиладилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб излайдилар.

Тожикистонда меҳнат муҳожирлари учун мобил илова ишлаб чиқилди

Тожикистонлик юзлаб меҳнат муҳожирлари фирибгар гуруҳлар ёки шахслар томонидан алданиб қолишади. Чет элда улар қийналишади. Ушбу ҳолатнинг сабабларидан бири бу қабул қилувчи мамлакатда қоидалар ва қонунларни билмасликдир.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Тожикистон Меҳнат ва миграция вазирлиги «Меҳрибонлик» ташкилоти билан биргаликда «Мигрантлар учун қўлланма» мобил иловасини ишга туширди. Мобил иловада мигрантлар учун ҳуқуқий маълумотлар мавжуд. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, сиз миграцияга саёҳат қилишдан олдин, Россия Федерациясида бўлганингизда ва ватанингизга қайтишдан олдин билишингиз керак бўлган ахборотлар билан тўлдирилган.

Иловани ишлаб чиқувчилар илова аввал мигрантлар учун ишлаб чиқилган рисола ва варақаларни алмаштириши мумкин деб ҳисобламоқда. Аммо айрим аҳолининг таъкидлашича, Россиянинг минтақаларидаги Тожикистон расмий ваколатхоналари ходимлари ватандошларнинг чақириқлари ва хатларига тезкорлик билан жавоб беришса яхшироқ бўлишини айтишади.

Россия Тожикистондан келган муҳожирлар учун асосий мезбон мамлакат ҳисобланади ва шу сабабли ушбу иловадаги маълумотлар Россия меҳнат ва миграция қонунчилигига ҳам боғланган. Ишлаб чиқувчиларнинг фикрига кўра, мобил илованинг қоғоз варақалар ва рисолалардан афзаллиги шундаки, Россиянинг миграция қонунчилигида ўзгаришлар бўлиши билан маълумотлар дарҳол янгиланади.

Иловада уларнинг Россияда бўлишлари тўғрисидаги ҳуқуқий маълумотлардан ташқари, меҳнат муҳожирларига Тожикистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва яшаш жойидаги миграция хизмати ходимлари билан алоқада бўлиш имконияти берилади.

Россия томонининг маълумотларига кўра, ҳар йили 1 миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат миграцияси учун Россияга юборилади, аммо Тожикистон статистикасига кўра уларнинг сони 500 мингга яқин.

XS
SM
MD
LG