Ссылки доступа

АҚШ Давлат котиби Хитой Шинжонда “уйғурларни геноцид қилмоқда” деб баёнот берди


Истеъфога чиқаётган АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитой “Шинжондаги этник уйғур ва бошқа мусулмон миллатларни геноцид қилмоқда ва инсониятга қарши жиноятларни содир этмоқда”, деб баёнот берди.

”Мен геноцид давом этмоқда, деб ҳисоблайман ва биз уйғурларни йўқ қилишга қаратилган тизимли ҳаракатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу иш Хитой Коммунистик партиясининг раҳбарлиги ва назорати остида олиб борилмоқда”,-деб баёнот берди Помпео 19 январь куни.

Помпео барча халқаро ташкилотларни, жумладан, судларни Хитойнинг уйғурларга нисбатан олиб бораётган сиёсати юзасидан тергов ўтказишга чақирди, шунингдек, Қўшма Штатлар Пекинга бу масалада босим ўтказишда давом этади, деб умид билдирди.

20 январдан президентликка киришадиган Жо Байден давлат котиби лавозимига номзод қилиб кўрсатган Энтони Блинкен Сенатнинг 19 январь куни ўтган йиғилишида Хитой уйғурларни геноцид қилаётгани юзасидан берилган баёнотни маъқуллашини билдирди.

БМТнинг билдиришича, Хитойда камида бир миллион уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар вакиллари “қайта тарбиялаш” лагерларида сақланмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Хитой Шинжондаги мусулмон халқларни “меҳнат лагерлари”га қамаб, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилмоқда.

Ўтган йили Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси биринчилардан бўлиб Шинжонда Хитой ҳукумати бошчилигида масжидлар ва қабристонлар бузиб ташланаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

Жорий йил бошида Австралия стратегик сиёсат институти ушбу мавзуда яна бир йирик ҳисоботни эълон қилди. Институт ҳисобларига кўра, 2016 йилдан бери минтақадаги масжидларнинг 35 фоизи вайрон қилинган.

Юқорида тилга олинган икки ҳисобот муаллифлари ҳисобларига кўра, Шинжонда бузиб ташланган масжид, қабристон ва бошқа муҳим маданий-диний обидалар сони 15 мингдан юқоридир.

XS
SM
MD
LG