Ссылки доступа

Блинкен: «Владимир Путиннинг бир кишидан шунчалик қўрқиши ажабланарли»


Энтони Блинкен

АҚШ давлат котиби лавозимига номзод Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, сайланган президент Жо Байден маъмурияти миллионлаб россияликларнинг фикрини ифодаловчи Алексей Навалнийнинг оғзини ёпишга бўлган Россия ҳукумати ҳаракатларини қатъиян қоралайди.

«Унинг фикри Россияда эшитилиши керак», деди Блинкен Сенатнинг ташқи ишлар бўйича қўмитасида унинг номзодини кўриб чиқиш бўйича тингловда.

Германиядан қайтиб келганидан кейин Алексей Навалнийнинг Москвада ҳибсга олиниши тўғрисида гаплашар экан, Блинкен шундай деди: «Владимир Путиннинг бир кишидан шунчалик қўрқаётгани ажабланарли. Менимча, бу жуда кўрсаткичли момент», — дея қўшимча қилди у.

Ўз нутқида Блинкен, шунингдек, Россия Қўшма Штатлар учун муаммо бўлиб қолаётганини ва янги маъмурият бу вазифани жиддий қабул қилишини таъкидлади. «Муҳокамалар кўп. Ва бу янги маъмурият кун тартибининг энг юқори қисмида», — деди АҚШ давлат котиби номзоди. 18 январь куни сайланган президент маъмурияти Россия билан ишлашда танаффус қилмаслик учун Трампнинг Москвадаги элчиси Жон Салливандан ўз лавозимида қолишини сўрагани маълум бўлди.

Шу билан бирга, сенаторлар давлат котиби билан алоқа бошланганидан атиги бир ярим соат ўтгач, Москва билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишни бошладилар, бундан олдин улар Эрон, Хитой, Куба ва бошқа мамлакатларда тўхталишди.

Навалнийнинг ҳибсга олинишини аввалроқ АҚШ Давлат департаментининг амалдаги раҳбари Майк Помпео қоралаган. «Ишончли сиёсий раҳбарлар рақибларининг овозидан қўрқмайди, сиёсий рақибларига қарши зўравонлик ишлатмайди ва ноқонуний ҳибсга олишни ташкил қилмайди», деди Помпео.

Халқаро Амнистия, Навалнийни виждон маҳбуси деб билишини ва унинг ҳибсга олиниши Россия ҳукумати томонидан унинг овозини ўчиришга уриниш эканлигини айтди.

Алексей Навалний 17 январь куни Германиядан Россияга қайтиб келди ва аэропортда ушланди. Эртаси куни суд уни тергов изоляторига 30 кунга юборди. Қарор Федерал жазони ижро этиш хизмати томонидан Навалнийга нисбатан илгари тайинланган шартли жазони ҳақиқий жазо билан алмаштириш тўғрисида илтимоснома билан боғлиқ.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков сешанба куни «кимдир бировдан қўрқади деган турли хил даъволар мутлақо бемаъниликдир» деди.

XS
SM
MD
LG