Ссылки доступа

Ўзбекистонда ҳамширалар уйма-уй юриб одамлар танасини ўлчамоқда


Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.
Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг уйма-уй юриб, одамлар таналарини ўлчаётгани ҳажв ва хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Шифокорлар бу антропономик тадқиқот бўлиб, Ўзбекистон президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ амалга оширилаётганини айтишди.

Хоразмнинг Урганч туманида яшовчи 78 ёшли Шакаржон Мадраимова халат кийган ҳамшираларнинг уйига эшик тақиллатиб кириб келиши кутилмаган ҳол бўлганини айтади.

"Қўлида тарози, ўлчаймиз, дейди. Қўрқиб кетдим. Яна бирининг қўлида метр. Кўкрак ва қорин қисмини ўлчашди. Кейин тарозига туринг, дейишди. Сизники ҳаммаси меъёрида экан, деб ҳаммасини дафтарга тушириб кетишди. Қўшнилардан сўрасам уларни ҳам тарозига тортиб ўлчаб кетишибди", - дейди Мадраимова.

Ўзбекистонда одамлар вазни ва танаси ҳажми ўлчанмоқда.

Хонадонлар эшигини тақиллатаётган соғлиқ посбонлари фақат одамларнинг вазни ва тана кўринишини дафтарга тушираётгани йўқ.

Улар ҳар бир оиланинг кундалик ҳаёти билан ҳам қизиқмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига кўра, бошланишида Хоразм вилоятида тажриба тариқасида бошланган бу тадқиқот ҳозирда бутун мамлакат миқёсида ўтказилмоқда.

"Мақсад ягона электрон маълумотлар базасини тузиб, соғлиги хавф ёқасига келганлар гуруҳини аниқлаш. Коронавирус пандемияси юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет касаллигига моил бўлган жуда кўп вазнли одамлар борлигини кўрсатди", - дейди исми очиқланмаслигини сўраган ССВ расмийси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида мамлакатда семизликни камайтириш зарурлиги ҳақида кўп гапирган.

Унинг 2020 йил ноябр ойида имзолаган фармони муқаддимасида “соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш зарур эканлиги” таъкидланган.

Фармонда бундан буён вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳам семизлик даражаси назорат қилиниши айтилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга бориб, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда семизлик ва аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар асосий муаммога айланиши ҳақида ооҳлантирган.

Ташкилот тўрт йил аввал ўтказган тадқиқот Ўзбекистон аҳолисининг учдан икки қисми етарли миқдорда сабзавот ва мева-чева истеъмол қилмаслигини кўрсатган.

Мамлакат аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга. Ёши катта фуқаронинг ҳар бешинчисида семизлик аниқланган.

Аҳолининг 46.3 фоизида қондаги холестерин даражаси юқори бўлган.

Ташкилот фикрича, Ўзбекистон ҳукумати кейинги пайтларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ва овқатланиш сифатини ошириш учун бир қатор чораларни кўрган.

Айни пайтда ЖССТ баёнотида Ўзбекистонда қайд этилаётган барча ўлимларнинг тахминан 79%и юқумли эмас касалликлар эканлиги, бевақт ўлимларнинг бош сабаби эса, юрак қон-томир тизими касалликлари эканлиги қайд этилган. Ташкилот фикрича, бундай кўриниш кашандалик, спиртли ичимликлар ичиш ва носоғлом овқатланиш билан бевосита боғлиқ.

XS
SM
MD
LG